Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Тиббиёт ходими фаолиятига аралашганлик учун 15 суткагача қамоққа олиш жазоси киритилмоқда

Тиббиёт ходими фаолиятига аралашганлик учун 15 суткагача қамоққа олиш жазоси киритилмоқда

02 мар 2023
1 103
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Бугун, 1 март куним Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Хусусан, сўнгги вақтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бораётганлиги, бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек, ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бераётганлиги қайд этилди.

Қонун билан юқорида қайд этилган муаммоларга ечим топиш мақсад қилинган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.

Бунда ушбу ноқонуний фаолиятни амалга оширган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси киритилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1977-моддасида тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, ушбу Кодекснинг 305-моддасига мувофиқ мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш муддати уч суткани ташкил этиши қайд этилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олади. Шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: