» » "Насаф" навбатдаги ўйинда ҳам яна дуранг ўйнади

"Насаф" навбатдаги ўйинда ҳам яна дуранг ўйнади

30 июн 2022
764
СПОРТ / МАҲАЛЛИЙ

Бугун Қарши шаҳридаги "Марказий" стадионда "Насаф" "Олимпик"ни қабул қилди.

Рўзиқул Бердиев шогирдлари биринчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларидан ҳисобни очишга эришди. Ўйиннинг 3-дақиқасида масофа узоқ бўлишига қарамай Шароф Муҳиддинов жарима зарбасини тўғри дарвоза томон йўллашга қарор қилди ва супер гол киритиб ўйинда ҳисобни очди. 

Жамоамиз ҳужум чизиғида Ҳусайн Норчаевнинг ўрнига ҳаракат қилган Ойбек Бозоров бўлим мобайнида рақиб дарвозабонига хавф туғдириб турди. "Аждарлар" узоқ масофалардан бир қанча зарбалар йўллашди, баъзи зарбаларга аниқлик етишмаган бўлса, баъзи зарбалар ё дарвоза устунига тегди ёки дарвозабон қайтарди. Ўз вақтида "Олимпик" футболчилари ҳам рақиблари дарвозаси томон йўл топишга ҳаракат қилишди, аммо бу ишни эплай олишмади. Шу тариқа бўлимда бошқа ҳисоб ўзгармади.

Иккинчи бўлимни меҳмонлар фаол тарзда бошлашди ва бир қатор вазиятлар яратишди. Шундай вазиятларнинг бирида, Пўлатхўжа Холдорхонов бош билан зарба йўллаб 61-дақиқада ҳисобни 1:1 кўринишига келтириб қўйди. 

69-дақиқада ҳужумга ўтган "олимпиячи"лар бурчак зарбаси ишлаб олишди ва иккинчи қаватда устунликка эришишлари натижасида Муҳаммадқодир Ҳамралиев яна бир бор бош билан зарба йўллаб "Олимпик"ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 

Шундан сўнг, ҳужумга ўтган Ойбек Бозоровга нисбатан жарима майдончаси ичида қўполлик ишлатилди ва ҳакам пенальти белгилади. Пенальтини эса 76-дақиқада Марко Станоевич аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди. 2:2.

Якунда бошқа ҳисоб ўзгармади ва "Насаф" кетма-кет учинчи ўйинда ҳам дуранг қайд этди. Натижада жамоа бир очко ишлаб, 21 очко билан 2 ва 3-ўриндаги АГМК ҳамда "Навбаҳор" клубларига етиб олди.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: