Бош саҳифа » ТАНҚИДИЙ » Касбида лўли аёл ва унинг вояга етмаган шериги одамларни чув туширди

Касбида лўли аёл ва унинг вояга етмаган шериги одамларни чув туширди

06 авг 2022
2 070
ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Касби туманига Китоб ва Шаҳрисабз туманларидан келган лўли аёл ва вояга етмаган қиз одамларни яхшигина ташвишга қўйди. Китоблик С.Тўраева эндигина 21 ёшни қаршилаган. Оилали, 2 нафар фарзанди бор. Унинг шериги Шаҳрисабзлик С.Наимова эса 15 ёшни қаршилаган. 

Улар тиланчилик қилиш ва соч патак йиғиш  мақсадида туманга келиб, Оққамиш қишлоғида яшовчи фуқаронинг уйига бориб, ҳовлисида дуо борлигини айтади. Ундан халос қилиш учун эса қимматбаҳо буюмларни ўқиб қўйиши кераклигини билдиради. Содда онахон ҳам бозор баҳоси 4 миллион сўм бўлган сирғаларини олиб чиқиб, фирибгарларнинг олдига қўяди. Бироз ўтиб набирасидан хабар олгани ичкари уйга кирганида бу икки “халоскор” тилла буюмларни олиб жуфтакни ростлайди. 

Орадан икки кун ўтиб фирибгарлар “Тинчлик” маҳалласида пайдо бўлади. Шу маҳаллада яшовчи яна бир содда кишининг ишончига кириб, унинг ҳам уйида дуо борлигини айтиб, қимматбаҳо буюмларини ўқиб, дуони бартараф қилишни билдиради. Натижада соддагина аёл уйида жамғариб қўйилган 6900 АҚШ долларини лўли аёллар олдига келтириб қўяди.

 Бундай катта бойликни кўрган фирибгарлар эса ўлжани тезроқ ундириш учун ҳийла қилишади. Яъни, ушбу маблағни пахтага ўраб, уй эгасига пахта олиб чиқишини тайинлаб, пулларни сўмкага "уришади" ва уй эгасига билдирмаган ҳолда пахтага қоғозни ўраб, унга дуо ўқиб, аёлга қайтаришади. Ҳақиқий пулларни эса ўзлари билан олиб кетишади. 

Аммо бу фирибгарларнинг  қилмиши тез орада фош бўлди. Моддий бойликлар эгаларига қайтарилиб, ўзларига эса тегишли тартибда жазо чоралари кўрилди. Маълум бўлишича, С.Тўраевага яшаш жойидан чиқиш чекланган ҳолда 5 йил 1 ой озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Унинг вояга етмаган таниши С.Наимовага эса яшаш жойидан чиқиш чекланган ҳолда 1 йил 6 ой озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: