Қашқадарёда кредит олиш учун келган фуқародан банк раҳбари тириклиги ҳақида маълумот сўради
Ижтимоий тармоқлар орқали Қашқадарёда банк раҳбари фуқародан тириклиги тўғрисида маълумот сўради мазмундаги хабар тарқатилди. Бу хабарларга «Агробанк» АТБ матбуот котиби муносабат билдирди.
Ҳолат ўрганилганда фуқаро А.Ж. кредит олиш мақсадида банкнинг Қарши шаҳар филиалига 2021 йилда мурожаат қилган. Ушбу мурожаатга асосан банкнинг кредит маълумотлар базаси орқали фуқарога доир маълумотлар текширилганда унинг вафот этганлиги қайд этилганлиги аниқланган.
Шунинг учун банк масъули унинг тириклигини (ФХДЁ идораларидан унинг номига ўлганлиги ҳақида гувоҳнома берилмаганлиги ва яшаш манзили МФЙ ва ИИБ паспорт бўлинмасидан ушбу фуқаро айнан А.Ж эканлигини) тасдиқловчи маълумотларни сўраган ва ҳуқуқан банк масъулининг ҳаракатлари тўғри бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси талабларига кўра, фуқаро А.Ж юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш тартиби асосида ўзининг тириклиги фактини белгилаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши лозим ва суд томонидан ушбу ариза қаноатлантирилгач A.Ж.нинг барча мулкий ҳуқуқлари қайта тикланади ҳамда унинг кредит олиш масаласи ижобий ҳал қилинади.
Бу ҳақида фуқаро А.Ж. га бир неча маротаба оғзаки тушунтириш берилган, дейилади хабарда.