"Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига хабар берилган". Қашқадарё ССБ Шаҳрисабзда нобуд бўлган чақалоқ воқеасига муносабат билдирди
Кеча ахборот сайтимизнинг телеграм каналида "Шаҳрисабзлик аёлнинг оҳ-у доди: Шифокорлар боламни туғруқ жараёнида ўлдириб қўйди" номли видеомурожаат эълон қилинганди. Мурожаатда Шаҳрисабз шаҳар туғруқ бўлими ходимларининг айби билан туғруқ жараёнида унинг ҳомиласи нобуд бўлгани маълум қилинган. Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, фуқаро Фотима Пардаева Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқхона қабул бўлимига бел ва қорин соҳасида оғриқ, сув кетиш шикоятлари билан 2022 йил 15 июнь куни соат 00:14 да мурожаат қилган. Шу куни бўлим бошлиғи ва туғруқ зали шифокорлари кўруви ўтказилган. Аёл консилиум натижасига кўра патология бўлимига ўтказилган. Шунингдек, унда терапевт ва бўлим бошлиғи томонидан тавсия қилинган муолажалар амалга оширилган.2022 йил 17 июнь куни соат 5:00 да патология бўлимидан аёл дард оғриқларининг бошланиши билан туғруқ бўлимига ўтказилган. Ташхис: “Ҳомиладорлик-3, Туғиш-2, туғруқнинг 1-даври. Қоғоноқ пардани туғруқдан олдин эрта ёрилиши. Камқонлик ўрта оғир даражаси”. 7:40 да вазни 2800 грамм, бўйи 48 сантиметрлик ўғил жинсли чақалоқ туғилган. Ташхис: “Муддатдан олдинги туғруқ. Асфиксия оғир даражаси. Нафас етишмовчилиги 3-даражаси”. Кўрилган реанимацион чора-тадбирларга қарамасдан 7:45 да чақалоқда биологик ўлим кузатилган.
Мазкур ҳолат ҳақида ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига хабар берилган. Суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Маълумотларга кўра, Ф.Пардаева томонидан туғруқлар оралиғидаги меъёрий 3 йиллик интервалга риоя қилинмаган. 2019 йилдан буён унда 3 маротаба туғруқ қайд этилган. Ҳомиладорлик бўйича ўзи яшайдиган Шаҳрисабз туманидаги оилавий поликлиникада ўз вақтида ҳисобга олинган. Ўрганиш ишлари давом этмоқда, дейилади бошқарма хабарида.
Ўхшаш янгиликлар:
Қашқадарёда бир неча тиббиёт бирлашмаси бошлиқлари ишдан ҳайдалди
Вазирлик уларни коррупция ҳолатларига йўл қўйган демоқда.
"Nasafnews" танқидидан кейин Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги канализация сувлари дарёга оқизилаётганини тан олди
Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.