Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Ишдан бўшатилган вилоят ҳокими ўринбосарини Экология бошқармасига бошлиқ қилиб қўйишди

Ишдан бўшатилган вилоят ҳокими ўринбосарини Экология бошқармасига бошлиқ қилиб қўйишди

17 окт 2022
1 665
МАҲАЛЛИЙ

Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимига Эшонқулов Акбар Бурхонович тайинланди. Бу ҳақда  вилоят Экология бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Бунга қадар А.Эшонқулов Қашқадарё вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди ва бугун бошқа ишга ўтиши рўкач қилиб кўрсатилиб, ишдан бўшатилди.

Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошида сўнгги вақтларда тез-тез тайинловлар амалга оширилмоқда. Қизиғи шундаки, вилоят ҳокимлигида ишлаган Қаҳрамон Нормуҳаммедовга шу йилнинг февраль ойида бошқарма бошлиғи вазифасини бажариш топширилганди. Кўп ўтмай, у «Ҳисор» давлат қўриқхонасига бошлиқ этиб тайинланди.

Шундан кейин Ғанишер Ибрагимов  бошқарма бошлиғи этиб тайинланди. Аммо Ибрагимовни август ойида ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндошгани айтилиб, ишдан бўшатишди. Ғанишер Ибрагимов "Nasafnews" мухбири билан мулоқот чоғида уни ноҳақ ишдан
 бўшатишганини айтди.  Унинг иддаосига кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси бошлиғи ўринбосари томонидан Президент Администрацияси йиғилишида Қашқадарёда қуриб кетган дарахтлар сони бўйича рақамлар ошириб кўрсатилган.

Мавзуга доир: "Администрацияга ёлғон маълумот беришган". Қашқадарё вилояти экология бошқармаси бошлиғи уни ноҳақ ишдан бўшатишганини маълум қилди

Воқеалар сўнггида Қаҳрамон Нормуҳаммедов яна Экология бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди ва шу кунгача у бошқармада бошлиқ бўлиб турганди.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: