Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Қашқадарёдаги 18 та тарихий объект ўзбошимчалик билан таъмирлангани аниқланди

Қашқадарёдаги 18 та тарихий объект ўзбошимчалик билан таъмирлангани аниқланди

28 окт 2022
1 179
МАҲАЛЛИЙ
Қашқадарёда 18 та маданий мерос объектида ўзбошимчалик билан таъмирлаш ишлари ўтказилган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Бош прокуратура томонидан Қашқадарё вилоятидаги маданий мерос ва туризм соҳасидаги қонунчилик ижросини ўрганмоқда. Ўрганишлар давомида 18 та маданий мерос объектида ноқонуний қурилмалар қурилган ва ўзбошимчалик билан таъмирлаш ишлари ўтказилгани аниқланган.

Масалан, Яккабоғ туманидаги XII асрга оид Гумбаз масжидининг ички деворлари реставрация қоидаларига зид равишда таъмирланган бўлса, Касби туманидаги XIV асрда бунёд қилинган Катлас масжиди деворларига тақаб девор қурилиб, зарар етказилган.

Шунингдек, маданий мерос объектларининг 382 таси ёки 26 фоизида муҳофаза белгилари ўрнатилмаган. Яккабоғ туманидаги XII-XIV асрларга оид Ёдгор Валламин мадрасаси ёки Касби туманидаги XIV асрда қурилган Катта Сардоба ёдгорликлари шулар жумласидан.

Вилоятдаги 35 та тарихий объект таъмир талаб, авария ҳолатига келиб қолганлиги, 10 та маданий мерос объектидан ноқонуний фойдаланиб келинганлиги, 5 та маданий мерос объектига ноқонуний равишда реклама баннерлари ўрнатилганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, туристлар ташриф буюрадиган 58 та маданий мерос объектида ёнғин хавфсизлиги, 49 тасида санитария қоидалари талаблари бузилгани аниқланган.

Қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли таъсир чоралари қўлланилиб, уларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди. Маълумот учун, Қашқадарё вилоятида 1 468 та тарихий объект жойлашган.
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: