Бош саҳифа » РЕПОРТАЖ » Чироқчи: Жажжилар учун замонавий масканлар

Чироқчи: Жажжилар учун замонавий масканлар

07 апр 2022
1 226
РЕПОРТАЖ / МАҲАЛЛИЙ
Қашқадарё воҳасининг йирик ҳудудлардан бири – Чироқчи туманида барча соҳаларда ислоҳотлар жадал бормоқда. Қишлоқ хўжалиги, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудга саноатни олиб кириш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Мана шундай соҳалар қаторига мактабгача таълимни ҳам қўшиш мумкин.

Рақамларга тўхталадиган бўлсак, ҳудудда 45158 нафар 3-7 ёшли болалар мавжуд бўлиб, уларнинг 14679 нафари мактабгача таълимга қамраб олинган. Давлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 21, давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари 9, оилавий мактабгача таълим ташкилотлари сони 276 тага етди. Бу кўрсаткичлар ойма-ой ошиб бормоқда.
Янги қурилиб ишга туширилган ва бугунги кунда жажжи кичкинтойларга замон талабларига мос равишда таълим-тарбия берилаётган таълим масканларидан бири Додиқ қишлоғидаги 21-Давлат мактабгача таълим ташкилотидир.

2021 йил Давлат дастури асосида 2,750 млн сўм эвазига қайта реконструкция қилинган ушбу ташкилотда ҳозирда 34 нафар ишчи-ходим фаолият олиб бормоқда. 120 ўринга эга ташкилотда замонавий шарт-шароитлар яратилган. Дарвоқе, Додиқдаги бу болалар боғчасини ишга тушиши маҳаллий аҳолини ҳам хурсанд қилди. Эндиликда фарзандлари ва набиралари бийрон тиллари билан шеър айтаётган, машғулотларда фаол қатнашаётганлиги кўриб ота-она, бобо-бувилар дуода.

Самарали фаолият олиб бораётган мактабгача таълим ташкилотларидан яна бири 15-Давлат мактабгача таълим ташкилотидир. “Кишмиштепа” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган ушбу болалар боғчаси 1984 йилда қурилган бўлиб, 2019 йил маҳаллий бюджет ҳисобидан 1 миллиард 370 млн сўм эвазига қайта реконструкция қилинди. Реконструкциядан сўнг бу ерда замон талабларига мос шароит яратилди ва 330 нафар болажонларни қамраб олган. Болажонларга 54 нафар ишчи-ходимлар хизмат кўрсатмоқда. Эътиборли томони, ушбу таълим даргоҳи таъмирталаб ҳолда эди. Туман ҳокимининг ташаббуси ва маҳаллий бюджет ҳисобидан боғча таъмири учун пул ажратилди ва бугунги замонавий кўринишга келтирилди.

Чилжувит маҳалла фуқаролар йиғинидаги 90 ўринга мўлжалланган 20-Давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият бошлаши натижасида 20 га яқин иш ўрни яратилди. Маълумот ўрнида айтиб ўтадиган бўлсак, ушбу таълим ташкилоти 2 миллиард 300 миллион сўмдан ошиқроқ маблағ ҳисобига таъмирланган ҳамда ташкилотда болажонлар таълим-тарбияси учун шароитлар муҳайё этилган.

Яна бир шинам таълим маскани – 22-Давлат мактабгача таълим ташкилотидир. Бу боғча шахсан Мактабгача таълим вазири ташаббуси билан Чироқчи тумани Педагогика коллежи ҳудудидан 200 ўринга мўлжаллаб қурилиши белгиланиб, 3 миллиард 626 миллион сўм ҳисобига жажжилар учун замонавий шароитлар яратилди.

Қулайликларга эга боғчада 35 та янги иш ўрни яратилган. Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин хоним келиб очилиш маросимида иштирок этиши кўкдалаликлар ва ишчи-ходимларга янада  мотивация ва куч берди, дейиш мумкин. Чироқчи тумани “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини, “Меҳнатобод” қишлоғида янгидан фаолият бошлаган 19-Давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам болажонлар учун севимли ва қадрли масканга айланиб улгурган.

110 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти 3 миллиард 700 миллион сўм ҳисобига қад ростлаган. Бу ерда 20 нафардан ортиқ ходимлар жажжиларнинг таълим-тарбияси ва уларни мароқли вақт ўтказишлари учун масъул.

Хуллас, бир сўз билан айтганда, Чироқчида таълим, хусусан, мактабгача таълим борасида салмоқли ишлар қилинмоқда ва ислоҳотлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда.

Хуршида Узоқова тайёрлади
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: