Бош саҳифа » СПОРТ » "Насаф" ўз майдонидаги муҳим беллашувда дуранг ўйнади
"Насаф" ўз майдонидаги муҳим беллашувда дуранг ўйнади
17 авг 2022
1 002
СПОРТ / МАҲАЛЛИЙ
Бугун Қаршида "Насаф" АГМКни қабул қилди. Бу баҳс "Насаф" учун ўта муҳим эди, сабаби турнир жадвалининг биринчи поғонасида бораётган "Навбаҳор" кеча Фарғонада "Қўқон-1912" жамоаси билан 1-1 ҳисобида дуранг қайд этиб очко йўқотган эди. Тошкентнинг "Пахтакор" жамоаси ҳам "Олимпик"чилар билан муросага келишиб унда ҳам 1-1 ҳисоби қайд этилди. Бу қаршиликларга аталган ажойиб совға бўлиб, "Насаф" биринчи ўринга кўтарилиб олиши учун жуда ҳам қулай имконият эди.
Баҳснинг биринчи бўлими ҳужумларга бой бўлди. Дастлабки дақиқаларни олмалиқликлар фаол ўтказган бўлса, қолган дақиқаларда "аждарлар" фаоллашди. Бир қанча қулай имкониятлар юзага келди бироқ, биринчи бўлим нурсиз дуранг билан якунланди.
Иккинчи бўлим тенг курашлар остида ўтди. Тўп назорати бўйича "Насаф" устунлик қилди. Ҳатто, бир вазиятда ҳакам меҳмонлар дарвозаси томон пенальти белгилаганди ҳам, аммо ВАРни кўриб қарорини бекор қилди. Шу тариқа учрашувда ҳисоб очилмади.
"Насаф" бу баҳсдан сўнг бир очко жамғариб олди, жадвалдаги ўрни эса ўзгармади. Ҳозирда "Навбаҳор"да 32, " Насаф"да 31 ва "Пахтакор"да 31 очко мавжуд.