Бош саҳифа » СПОРТ » "Насаф" Олмалиқда 3 очкони қўлга киритиб, 1-ўринга чиқиб олди

"Насаф" Олмалиқда 3 очкони қўлга киритиб, 1-ўринга чиқиб олди

10 сен 2022
1 466
СПОРТ / МАҲАЛЛИЙ

Бугун Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида Cоcа-Cола Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган баҳсда "Сурхон" "Насаф"ни меҳмон қилди.

Кетма-кет иккинчи ўйинда ҳам Рўзиқул Бердиев бошқарувисиз майдонда ҳаракат қилаётган "аждарлар" бу сафар сурхондарёликлар билан куч синашди. Бердиев гарчи заҳира ўриндиғи ёнидан бўлмаса ҳам трибунадан туриб футболчиларни қўллаб-қувватлаб турди. Биринчи бўлимни тўлиқ "Насаф" назорат қилди. Рақиблари ўз имкониятини қарши ҳужумдан қидирди, аммо бу бўлимда улар бундай вазиятга эга бўлишмади. Бўлим ярмигача "Сурхон" тартибли ҳимояланаётгандек эди, бироқ биринчи бўлим якунига яқин "Насаф" жарима зарбаси ишлаб олди. 

Марко Станоевич тўпни жарима майдони ичига етказиб берди, ҳаммадан ўтиб кетган тўп Умар Эшмуродовнинг оёғига бориб тушди. Умар тўпни тўхтатиб ўтирмай дарвоза томон йўллади ва 42-дақиқада ўйиндаги ҳисобни очди.

Иккинчи бўлимни "Сурхон" фаолроқ ўтказишга ҳаракат қилди. "Насаф" ҳам ўйин даражасини тушунган ҳолда ҳаракат қилди. 69-дақиқада Ҳусайн Норчаев рақибларнинг икки нафар ҳимоячисини ортда қолдириб, кучли зарба билан тўпни "Сурхон" дарвозасига жойлаб қўйди. 2-0

Ўйинда ҳисоб бошқа ўзгармади. "Насаф" очколари сонини 35 тага етказиб олди ва ҳозирча турнир жадвалида биринчи ўринга чиқиб олди.

Шерзод Туракулов.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: