Рўзиқул Бердиев "Пахтакор" устидан эришилган ғалаба ҳақида фикр билдирди
"Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев Суперлига 20-тури доирасида "Пахтакор"га қарши кечган баҳсдаги ғалабадан (1:0) сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Ўйин ҳақида: — 90 дақиқа, балки ундан ҳам кўпроқдир, эътиборни йўқотмасдан ўйнадик. Ҳимояда тартибли ўйнаб "Пахтакор"га вазият яратишга имкон бермадик ва қарши ҳужумда жудаям яхши ҳаракат қилдик. Иштиёқ, тактик ва жисмоний томонлама рақибдан устун келдик, шу сабабли ғалаба қозондик.
Алиқулов ва Мозговойнинг тўқнашиб кетгани борасида: — Улар ҳаводаги курашларда яхши ўйнайди. Биринчи навбатда иккаласи майдонни тарк этишидан қўрқдим. Сабаби "Пахтакор"иккинчи қаватда яхши ўйнайди ва Алиқулов бу баҳсда жуда зарур эди. Шукрки, ўша вазият биз учун яхши тугади ва ҳар иккала футболчи тўлиқ ўйнади.
Матеус Лима Крузнинг ўйини ҳақида: — Албатта, жамоага ёрдам берди, кўп меҳнат қилди. Тўғри, Лима Круз бошида келганида жамоа ўйинига киришиб кетишига вақт керак эди. Жисмоний ҳолатини ҳам яхшилаб олишимиз керак эди. Унинг ва барча футболчиларнинг ўйинидан қониқдим. Улар майдонда катта кўламдаги ишни бажарди. Ҳимояда ҳеч қандай хатосиз ўйнадик.
"Пахтакор" етакчиларига қарши персонал ўйин ҳақида: — Черан, Банашак, Ҳамробеков ва Алижоновга персонал ўйнадик. Ҳамробековга қарши Бозоровни қўйдик, бу ўзини оқлади. Ҳамробеков бирорта ҳужум бошлаб бермади. Иккита марказий ярим ҳимоячи эса Черанни тўхтатиб қолди. Ҳимоячиларимиз Банашакни яхши ёпишди.
"Насаф"нинг босимга қай даражада тайёр экани борасида: — Босимга йигитлар кўникиб бормоқда. Руҳан ҳам ўсиб боряпти. Босим катта бўлган ўйинларда ҳаракат қилдик: бу ўйинда, ОЧЛ плей-офф, ОЧЛ гуруҳ босқичи ўйинлари. Йигитлар бу ўйинларда босимга бардош берди.
Кубок ёки чемпионатдан бирини танлашга тўғри келиб қолиш эҳтимоли ҳақида: — Олдимизда чемпионат ўйинлари ва кубок ўйинлари ҳам бор. Захира имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланиб ҳар иккала фронтда охиригача курашамиз.
Ўхшаш янгиликлар:
Рўзиқул Бердиев: "Бу ерга келишимиздан мақсад анча жиддий эди"
Рўзиқул Бердиев ва Акмал Мозговой ўз фикрлари билан ўртоқлашди.