"Насаф" Тошкентнинг "Пахтакор" клубидан устун эканини исботлади
Бугун Тошкентда "Пахтакор" Ўзбекистон Cоcа-Cоlа Суперлигаси 20-тури доирасида "Насаф"ни қабул қилди.
ФИФА кунларидан сўнг ҳар иккала жамоанинг ҳам бир қатор футболчилари терма жамоа йиғинидан клублари сафига келиб қўшилишди. Бу турда "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев дисквалификацияси тугаб шогирдларига майдон четидан туриб ўз кўрсатмаларини берди. Бу эса табиийки, жамоа учун катта ёрдам ҳисобланади. Биринчи бўлимда клубларда етарли вазиятлар юзага келди. Бундан фақатгина "Насаф" унумли фойдаланди. Баҳснинг 27-дақиқасида Дилшод Саитов узоқдан чиройли зарба йўллаб, ҳисобни очишга эришди.
Йил ўйини бўлишга номзод баҳс мақомига лойиқ бўлишга ҳаракат қилди. Ўйин мобайнида икки дарвоза томонга ҳам ҳужумлар уюштириб турилди. Бразилиялик Матеус Лима Круз бу баҳсни асосий таркибда бошлади. Тан олиш керакки, футболчи ҳимоячилар билан елкама-елка курашларда, жамоадошларими тўп билан таъминлашда фаол бўлди. Ҳусайн Норчаев, Ойбек Бозоров ҳужумда фаол бўлишди. Ўнг қанотдан ҳужумчиларга ёрдамга ўтган Дилшод Саитов эса, баъзи вазиятларда ҳужумчиларданда яхшироқ ҳаракат қилди. "Шерлар" иккинчи бўлимда ўйинни ўзиники қилишга бор куч-у имкониятларини сарфлашди. Аммо "аждарлар" бу баҳсда ўз сўзларини айта олишди ва мавсумнинг энг муҳим ўйинида иродали ғалабани ҳақли тарзда қўлга киритишди.
Ниҳоят, "Насаф" узоқ йиллик Тошкентдаги ғалабасиз сериясига якун ясади.
Хўш, бу турдан сўнг, турнир жадвалида қандай ўзгариш бўлди? "Навбаҳор" "Бунёдкор"дан енгилди ва катта эҳтимол, чемпионлик пойгасидан чиқди. "Пахтакор" эса 38 очко билан иккинчи ўринда қолди. "Насаф" очколари сонини 41 тага етказиб мусобақанинг яққол пешқадами бўлиб олди. Бу ғалаба билан барча Қашқадарё аҳолисини табриклаб қоламиз.
Шерзод Тураеулов.
Ўхшаш янгиликлар:
"Насаф" ўз майдонида "Навбаҳор" клубига енгилди
"Насаф"га янги легионерлар ҳам ёрдам бера олмади