Турнирдаги чемпион номининг аниқ бўлиши сўнгги турга қолди. Мавсумнинг катта қисмини юқори ўринларда ўтказган "Насаф"га ҳар доимгидек бироз омад етишмади. "Олимпик" билан ўйиннинг дастлабки бўлими ҳар икки жамоанинг тенг курашлари остида кечди деб айтишимиз мумкин. Мавсумда деярли интригаси қолмаган бўлса ҳам олимпиячилар бу баҳсни шунчаки ўтказишмади, улар натижа ва мухлислар қувончи учун борини бериб ўйнашди. "Насаф" ҳам етарлича ҳужумлар ташкил қилди, бироқ ҳисобни "Олимпик" очишга эришди. 24-дақиқада Отабек Жўрақўзиев ҳимоячиларни яхши ортда қолдириб гол киритди.
Иккинчи бўлимни "Насаф" бир қанча ўзгаришлар билан бошлади. Рақибларига қараганда ҳужумларни кўпроқ уюштирди. Бироқ, қаршиликларнинг бу мавсумдаги асосий камчилиги бўлмиш, гол уриш муаммоси бу ўйинда ҳам сезилди. Аксинча, рақиблар яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб кетаверди. 71-дақиқада "Олимпик" футболчиси Отабек Жўрақўзиев яна бир бор "Насаф" дарвозасини аниқ нишонга олди ва ўз ҳисобига дублни ёздириб қўйди. Ўйинда ҳисоб бошқа ўзгармади ва "Олимпик" "Насаф"ни ишончли ҳисобда мағлуб қила олди.
Бу турда ҳеч қандай мўъжиза юз бермади. Ўйиндан олдин таҳминлар ўзини оқламади, "Пахтакор" ҳамда "Навбаҳор"нинг рақиблари уларга ҳеч қандай қаршилик кўрсата олишмади. Бу икки жамоа ҳам ишончли ҳисобда ўйинни якунлай олишди. Афсуски, "Насаф"да бу ҳолат кузатилмади. Шу билан бу йилги мавсум ўз ниҳоясига етди. Яна "Пахтакор" чемпион, "Навбаҳор" иккинчи ўрин, "Насаф" эса учинчи ўрин билан чекланадиган бўлди. Бошқа суперлига вакилларидан фарқли равишда жамоани қишда Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф ўйинлари кутиб турибди.