Бош саҳифа » СПОРТ » "Машъал"нинг бир қатор футболчилари келишилган ўйинларга алоқаси борлиги учун жазоланди
"Машъал"нинг бир қатор футболчилари келишилган ўйинларга алоқаси борлиги учун жазоланди
24 дек 2022
2 060
СПОРТ / МАҲАЛЛИЙ
Ўзбекистон футбол ассоциацияси этика қўмитасининг навбатдаги йиғилишида бир қатор масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, Ўзбекистон Суперлигаси, Про лига ва Биринчи лиганинг бир қанча учрашувларида бош ҳакам сифатида ишлаган Э.Турсунов ўйинларнинг натижасига таъсир ўтказиш ва тотализаторга пул тикиш орқали моддий манфаатдор бўлиб келган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси этика қўмитаси Э.Турсуновни футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан умрбод четлатиш жазоси тайинлади.
Шунингдек, бир қатор футболчилар келишилган ўйинларда иштирок этганликда гумон қилинаётганлиги ҳолати юзасидан "Машъал" ПФК томонидан юборилган мурожаатни ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди.
Хусусан, футболчилар Сирожиддин Рахматуллаев ва Никита Павленколар хорижий букмейкерлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилот вакиллари билан ҳамкорлик қилиб, келишилган ўйинларда қатнашишга ҳаракат қилганлиги аниқланди. Ушбу футболчилар Ўзбекистон футбол ассоциацияси этика қўмитаси томонидан айбдор деб топилиб, уларга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан 1 йил муддатга четлатиш ҳамда жарима интизом жазоси тайинланган.
Шу билан бирга, "Машъал" ПФК футболчилари Равшанбек Ягудин ва Достон Тўхтабоевлар спорт меъёрий ҳужжатларига зид бўлган ҳар қандай уриниш ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлар тўғрисида ЎФАнинг Футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспекциясини ўз вақтида хабардор қилмагани учун айбдор деб топилиб, ҳар бирига жарима жазоси қўлланди.
Ҳолат юзасидан, "Машъал" клуби матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
"Ушбу футболчилар ишларига "Машъал" футбол клуби раҳбарияти, мубарббийлар штабини ҳамда бошқа футболчиларнинг алоқаси йўқ. Ушбу футболчилар қонун олдида жавоб берсин. "Машъал" футбол клубининг айби йўқ. Бундай камчилик ва ёмон натижа учун барчадан узр сўраймиз. Энди "Машъал" жамоаси футболчилари қаттиқ назорат остида бўлади",- дейилади хабарда.