Қашқадарё вилоятида меҳнат бозори индекси жуда паст, деб ҳисобланди
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари 2022 йил натижалари бўйича ҳудудий меҳнат бозори индекси (МБИ)ни ҳисоблаб чиқди.
Меҳнат бозори индекси меҳнат бозоридаги ҳолатни баҳолаш ва мониторинг қилишда ёрдам берувчи индекс бўлиб, меҳнат бозорининг жорий ҳолатини бевосита акс эттирувчи 5 та кўрсаткични ўз ичига олади.
МБИни ҳисоблаш учун ишсизлик даражаси, мавжуд бўш иш ўринлари ва резюмелар сони, меҳнат бозоридаги концентрация коэффициенти ва ўртача ойлик миқдори каби кўрсаткичлардан фойдаланилди.
Меҳнат бозори индексини ҳисоблаш натижаларига кўра, ҳудудлар индекс кўрсаткичлари юқори, ўрта, паст ва ўта паст бўлган тўртта гуруҳга бўлинди.
2022 йил якунларига кўра, индекс кўрсаткичлари юқори бўлган гуруҳга Тошкент шаҳри, Навоий ва Тошкент вилоятлари кирди. Бу ҳудудларда ишсизлик даражаси республика бўйича ўртача кўрсаткич (8,9 фоиз) дан паст – Тошкент шаҳрида 6,5 фоиз, Навоий вилоятида 8 фоиз, Тошкент вилоятида 8,8 фоиз.
Ўрта гуруҳга Бухоро, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Хоразм, Наманган вилоятлари кирди. Бу ҳудудлардаги ўртача ойлик республика миқёсидаги ўртача кўрсаткичнинг 80 фоизидан кам эмас. Меҳнат таклифи эса нисбатан ўртамиёна, яъни битта бўш иш ўрнига ўрта ҳисобда 5,6 та резюме тўғри келади. Ишсизлик даражаси 9,1 фоиздан ошмайди.
Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси индекс кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудлар қаторига киради. Ушбу ҳудудларда энг юқори концентрация коэффициенти кузатилди, яъни битта бўш иш ўрнига Қорақалпоғистон Республикасида 17,4 та, Сурхондарёда 14,1 та, Жиззах вилоятида 12 та резюме тўғри келади.
Қашқадарё вилоятида меҳнат бозори индекси жуда паст, аниқроғи 2,2 ни ташкил этди. Бунинг асосий сабаби ҳар бир бўш иш ўрнига 16,8 нафар талабгор тўғри келиши, яъни бўш иш ўринлари сони иш қидираётганлар сонидан анча кам ва ўртача ойлик республикадаги ўртача кўрсаткичдан анча паст эканлигидир.
2022 йилда "маҳаллабай" ишлаш тизимига ўтилиши ва ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳудудлардаги ишсиз фуқароларнинг катта қисмини рўйхатга олиш ва уларнинг резюмеларини Миллий вакансиялар базасига (ish.mehnat.uz) киритиш имконини берди. Бу эса ўз навбатида, ишсиз аҳолини фаол иш қидирувчи ҳолатига ўтказиб, Тошкент шаҳридан ташқари барча ҳудудларда МБИ кўрсаткичларининг 2021 йилдагига нисбатан пасайишига олиб келди
Авазбек Худойқулов
Ўхшаш янгиликлар:
Темур Поёнов Қашқадарё вилояти бандлик бошқармаси ва вилоят прокуратурасини "мот қилди"
Поёновга нисбатан тузилган жарима қарори бекор қилинди.
Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдан 3 нафар раҳбарни ишдан олди
Ҳали 40 фоиз маҳаллада ҳоким ёрдамчиларининг ишида натижа кўрингани йўқ