» » Темур Поёнов Қашқадарё вилояти бандлик бошқармаси ва вилоят прокуратурасини "мот қилди"

Темур Поёнов Қашқадарё вилояти бандлик бошқармаси ва вилоят прокуратурасини "мот қилди"

24 авг 2022
4 116
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

"Nasafnews" ахборот порталида кеча "Қашқадарё вилояти Бандлик бош бошқармаси вилоят прокуратураси топшириғини бажараман деб катта қовун туширди" сарлавҳаси остида чиқарилган хабар бўйича Қашқадарё вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспексияси томонидан ўрганиш ўтказилди.

Унга кўра, Қашқадарё вилоят прокуратурасининг талабномасига асосан Қашқадарё вилоят Бандлик бош бошқармаси томонидан Косон тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Х.Омонов Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармасида ўтказилган ўрганишда мутахассис сифатида иштирок этган.

Ўрганиш давомида, меҳнат ва аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи Темурбек Поёновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 229-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида маъмурий жарима қўлланилган. 

Мазкур қарорнинг биринчи қисмида техник хатолик сабабли Поёнов Темурбек Олимовичнинг иш жойи ва лавозимини  “Косон тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 34-умумий ўрта таълим мактаб директори” деган ёзувлар ёзилган.  

Ушбу маъмурий қарорни қабул қилишда айрим қонунчилик талаблари бузилганлиги сабабли маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор бекор қилиниб, қайта кўриб чиқиш чоралари кўрилмоқда, деб хабар қилди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги.

"Nasafnews" мухбири маълумотига кўра, Косон тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Х.Омонов Темур Поёновга туҳмат қилгани учун ишдан олинган.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: