Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи расмий Telegram-каналида хабар беришича, Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Жамшид Фозилов 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2023 йил 10 мартдаги ҳукми билан Ж. Ф. (1972 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган, 2016-2019 йилларда Қарши шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) га асосан 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Айни пайтда судланувчи Ж. Ф. томонидан ушбу ҳукм устидан берилган апелляция шикояти Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун расмийлаштирилмоқда.