Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига Абдушукур Хамзаев номзоди қўйилди
Бугун, 11 май куни Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди.
Пленумда Ўзбекистон Экологик партиясининг бўлажак съездида Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод этиб партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Хамзаев Абдушукур Худойкуловични кўрсатиш бўйича қарор қабул қилинган.
Абдушукур Хамзаев ким?
Абдушукур Худойкулович Хамзаев 1973 йил 10 декабрда Сурхондарё вилоятининг Узун туманида зиёли оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1995 йили Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини, 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясини тамомлаган. Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор.
Меҳнат фаолиятини Узун туманидаги “Намуна” жамоа хўжалигида бўлим агрономлигидан бошлаган. 1996-1999 йилларда Самарқанд қишлоқ хўжалик институти аспирантурасини муваффақиятли тамомлаган.
1999-2017 йиллар давомида Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида ассистент, катта ўқитувчи, ўқув ишлар бўйича декан муовини, маънавият ва маърифат масалалари бўйича проректор лавозимларида ишлаган.
2017-2022 йилларда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори сифатида фаолият юритган.
2022 йилдан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг раиси лавозимида ишлаб келмоқда.
А.Х.Хамзаевнинг бугунги кунгача 280 дан ортиқ илмий ишлари чоп этилган. Шунингдек, у 20 га яқин қишлоқ хўжалик экин навлари ва 16 та ихтиро муаллифи ҳисобланади.
А.Х.Хамзаев қишлоқ, ўрмон ва экология соҳасида ҳалқаро тажрибаларга эга бўлиб, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Исроил, Туркия, Германия, Болгария, Россия каби давлатларда малака оширган. Унинг ташаббуси билан бугунги кунда соҳага оид 10 дан зиёд хорижий ўқув ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликлар йўлга қўйилган.
А.Х.Хамзаев қонун ижодкорлиги жараёнида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Хусусан, у “Уруғчилик тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг яйловлар тўғрисида”ги Қонунларини тайёрлашда бевосита иштирок этган. Шу билан бирга, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида Эксперт кенгаши раиси сифатида 20 га яқин қонуности ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда қатнашган.
А.Х.Хамзаев оилали, уч нафар фарзанди бор. Бу ҳақда УзА хабар бермоқда
Ўхшаш янгиликлар:
Нодир Эркаев Чироқчи туманига ҳоким этиб тайинланди
Бугун халқ депутатлари Чироқчи тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Ўктам Пардаев Китоб тумани ҳокими этиб тасдиқланди
Алишер Закиров бошқа ишга ўтмоқда.
Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Қашқадарё ҳокимига ўринбосар бўлди
Ушбу лавозимда Бахром Юсупов ишлаб келаётган эди.