Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Эсдалик тангалар, почта маркалари, логотип - Қашқадарёнинг 100 йиллигида бизни нима кутмоқда

Эсдалик тангалар, почта маркалари, логотип - Қашқадарёнинг 100 йиллигида бизни нима кутмоқда

16 июл 2023
2 641
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

2024 йил ноябрь ойида Қашқадарё вилоятининг 100 йиллиги нишонланади. Вазирлар Маҳкамаси юбилейни нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида ёзилишича, Вазирлар Маҳкамаси Қашқадарё вилояти ҳокими, вилоят фаоллари, ижодкор зиёлилар ҳамда жамоат ташкилотлари вакилларининг Қашқадарё вилоятининг 100 йиллик юбилейини 2024 йил ноябрь ойида Қарши шаҳрида кенг нишонлаш ҳақидаги таклифларини маъқуллаган.

Лойиҳада келтирилишича, байрамни ўтказиш бўйича республика ташкилий ишчи гуруҳи тузилади ва вилоятнинг 100 йиллик юбилей тадбирларини юксак савияда ва ташкилотчилик руҳида ўтказиш таъминланади. Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари ва туманларда бунёд этилган биноларни таъмирлаш, атрофларини ободонлаштириш, уларни замонавий ёритиш жиҳозлари билан таъминлаш ишлари амалга оширилади. Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшган ва фаол иштирок этган ҳамда самарали хизмат қилган кекса ва ёш ходимлар республика фахрий унвонларига ва фахрий ёрлиқларига тавсия этилади.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг 100 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тадбирлари дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унинг доирасида тантанали байрам тадбири ўтказиш, театрлаштирилган байрам дастури тайёрлаш, “Қашқадарё вилоятининг илмий ва инновацион салоҳияти” халқаро илмий анжуманини ўтказиш кабилар мавжуд.

Бундан ташқари, UNESCО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси ва халқаро ташкилотлар иштирокида “Қашқадарёнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилади. Вилоятнинг 100 йиллик юбилейига  бағишлаб бахши-шоирларнинг “Достонларда юрт мадҳи” вилоят кўрик-танлови ўтказилади.

Нашр ишлари жараёнида:

• Қашқадарёнинг 100 йиллигига бағишлаб почта маркалари, хатжилдлар чиқарилади

• "Қашқадарё 100 йил ичида” номли расмли буклетлар тайёрланади. 

• Қашқадарёлик машҳур инсонлар ҳаёти акс эттирилган “Қашқадарё ифтихори” китоби нашр қилинади. 

• Вилоятнинг табиий мажмуалари ва биохилма-хиллигини жамоатчиликка таништириш мақсадида видеофильм суратга олинади ҳамда энциклопедик китоб тайёрланади ва чоп этилади

• Қашқадарё вилоятининг 100 йиллиги рамзи (логотипи) тайёрланади

• Қашқадарё вилоятининг 100 йиллиги юбилей эсдалик тангаси чиқарилади

• Вилоят тарихига бағишланган “Аср ошган Қашқадарё” ҳужжатли фильми яратилади

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: