Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи содир этган ҳуқуқбузарлиги сабаб жаримага тортилди.
“Nasafnews” манбасига кўра, бошқарма бошлиғи жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузишда айбли деб топилган.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 13 март куни фуқаро Г.Фнинг мурожаати бошқарманинг “жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларни қайд этиш” китобида қайд этилиб, 90 кун ўтгач, яъни мурожаатларни кўриб чиқиш муддатини бузган ҳолда, кечиктириб, узрли сабабларсиз жавоб йўллаган.
Ваҳоланки, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасига асосан мурожаатни мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши белгиланган. Қўшимча ўрганишга зарурат туғилса, мурожаатчига хабар қилган ҳолда мурожаат ўрганиш якуни узоғи билан ой муддатга чўзилиши мумкин.
Шунингдек, бошқарманинг “жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларни қайд этиш” китобида қайд этилган Г. Тнинг мурожаати 72 кун ва О. Қнинг мурожаати 62 кун ўтгач жавоб хати йўлланган.
Ушбу ҳолат бўйича Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳри судида маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилиб, бошқарма бошлиғи айбига иқрорлиги ва пушаймонлиги инобатга олинган ҳамда унга нисбатан МЖтКнинг 43-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 (бир) баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Nasafnews.uz мухбири Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати раҳбари билан боғланиб, ҳолат ҳақида батафсил маълумот олишга уринди. Аммо, матбуот котиби бундай ҳолат бўлмаганлигини маълум қилди.
Хулоса қилиш мумкинки, бошқарма бошлиғи матбуот котиби раҳбари билан боғлиқ ҳолатлар билан қизиқмаган ёки унга бу ҳақида маълум қилишмаган. Бироқ, матбуот котиби масъул шахс орқали маълумотга эга бўлиб, ОАВ вакилига аниқ маълумот бериши лозим эди. Гарчи, суд органларига тегишли маълумот бўлсада, бефарқ бўлмаслик лозим.