Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » «Тизимни нопок, ғаразли ниятдаги, ўз манфаатларини халқ манфаатидан устун қўядиган шахслардан тозалаш ишлари диққатимиз марказида бўлади» - Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов аҳолига мурожаат қилди

«Тизимни нопок, ғаразли ниятдаги, ўз манфаатларини халқ манфаатидан устун қўядиган шахслардан тозалаш ишлари диққатимиз марказида бўлади» - Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов аҳолига мурожаат қилди

15 сен 2023
1 070
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Муҳтарам отахон ва онахонлар! Азиз опа-сингиллар! Қадрли ёшлар! Ҳурматли юртдошлар!

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар қатори ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, тизим фаолиятини мутлақо янги, замонавий босқичга кўтариш, соҳа ходимларининг аҳоли турли қатламлари билан доимий мулоқоти ва ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад ички ишлар органларини ушбу тизимда хизмат қилаётган ҳар бир ходим жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни, жамоат тартибини сақлаш йўлида чин дилдан хизмат қиладиган халқчил профессионал тузилмага айлантиришдан иборат.

Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” эзгу ғояси давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Инсон қадри улуғланаётган ана шундай тарихий шароитда қишлоқ, овул ва маҳаллаларимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида барчамизнинг зиммамиздаги масъулиятли вазифалар янада ортиб бормоқда.

Ички ишлар органларини тубдан ислоҳ қилиш жараёнларида жиноятчиликка қарши курашиш, ижтимоий хавфли қилмишларни фош этиш ва барвақт олдини олиш борасидаги ёндашувлар тубдан ўзгартирилди.

Бугунги кунда ички ишлар тизимидаги ҳар бир раҳбар ва ходимнинг кундалик хизмат фаолиятида рақам ва фоизлар ортидан қувиш эмас, балки фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилиш биринчи галдаги вазифага айланмоқда.

Жиноятчиликни янгича услубда таҳлил этиш, ходимлар иш самарадорлигини уларнинг хизмат вазифасини қай даражада сифатли ва малакали бажаришига қараб баҳолаш механизми жорий этилгани ишимиз сифати ва мазмунини тубдан яхшилаш имконини бермоқда. Бевосита аҳоли билан ишлаётган ички ишлар органлари соҳавий хизматларининг фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ҳудудларда республика ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг сайёр қабуллари, аҳоли билан бевосита мулоқотлари мунтазам ўтказиб борилмоқда.

Сектор раҳбарлари томонидан жиноятлар сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш ва уларни бартараф этиш борасида ваколатли давлат идораларининг кундалик вазифаларини белгилаш тизими яратилди.

Соҳани ислоҳ қилиш жараёнида ички ишлар органларининг бевосита аҳоли билан ишлаётган хизматлари фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини амалиётга татбиқ этиш доирасида сектор раҳбарлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ҳар куни ташкил этиш, аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасизлик ҳиссини кучайтириш чоралари кўрилаётгани ҳамда жиноятчиликни “маҳаллабай” тамойили асосида жиловлаш механизми яратилгани ижобий натижа бермоқда.

Тизим фаолияти тарихида илк бор Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси қабул қилинди. Ушбу концепция асосида аҳолини таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилиш билан боғлиқ алоҳида вазиятларда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг ягона бошқарув тизими яратилди, бунга муносиб ҳиссасини қўшадиган ваколатли идоралар белгиланди.

Барча ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳолат халқ депутатлари кенгашларида муҳокама қилиб келинмоқда. Бу борадаги аҳволни яхшилаш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш тартиби жорий этилди. Қатор янгича иш услублари амалиётга татбиқ этилди, патруллик хизмати замонавий моделлар асосида ташкил этилди.

Азиз юртдошлар!

Кейинги йилларда ички ишлар органлари фаолиятида ана шундай ижобий ўзгаришлар рўй бераётгани, албатта, барчамизни қувонтиради. Шу билан бирга, бугунги шиддатли ва мураккаб замон олдимизга қандай долзарб вазифаларни қўяётганини барчамиз яхши тушунамиз.

Жорий йил 28 июль куни Фарғона шаҳрида Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг Президентимиз раислигида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида тизимдаги ишлар чуқур таҳлил қилиниб, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар аниқ кўрсатиб берилди.

Шулардан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларга ечим топиш, аҳоли учун хавфсиз яшаш ва меҳнат шароитларини яратиш борасида ички ишлар органлари томонидан қатор вазифалар белгилаб олинди.

Биринчидан, бундан буён асосий эътиборни содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни илмий ёндашув асосида ўрганиш, уларнинг асл сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш масаласига қаратамиз. Эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини жалб этиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда “намунали ҳудуд методикаси” яратилади. Мазкур ёндашув орқали келгусида ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг асл сабаблари аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Иккинчидан, аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак: тўққиз ярим мингга яқин маҳалланинг 1,5 мингдан зиёдида криминоген вазият мураккаблигича қолмоқда. Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, маҳалладаги жиноятчиликнинг илдизи кўпинча ижтимоий муаммоларга бориб тақалмоқда.

Шунинг учун ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича “ижтимоий профилактика” тизимини тўғри йўлга қўйиш орқали профилактика инспектори, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаолидан иборат “маҳалла бешлиги” ҳамкорлиги янада кучайтирилади. Маҳалланинг ўзида ўсмирлар, ёшлар ва аёллар ўртасидаги жиноятчиликни кескин камайтириш ҳамда муаммоли фуқаролар билан ишлашни кучайтирган ҳолда криминоген вазиятни барқарорлаштириш чоралари кўрилади.

Учинчидан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва уларнинг вилоят бошқармалари раҳбар ходимлари, Бош прокурор ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари ва вилоят прокурорлари энг оғир маҳаллаларга бириктирилган ҳолда уларни “жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш” саъй-ҳаракатлари фаоллик билан амалга оширилади. Бунда ҳар бир раҳбар жойларга чиқиб “маҳалла бешлиги” фаолияти билан шахсан танишади, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳамда криминоген вазиятга таъсир кўрсатувчи омилларни муҳокама қилади, муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича манзилли чора-тадбирларни белгилайди ва назоратини ўрнатади.

Тўртинчидан, “Оила – маҳалла – мактаб – мустақил ҳаёт” тамойили асосида тарбияси оғир ўсмирларга вазирлик, идора ва ташкилот раҳбарлари бириктирилади, мустақил ҳаётга тайёрлаш даврида улар билан якка тартибда ишлаш тартиби йўлга қўйилади. Бунинг учун “Вояга етмаганлар билан ижтимоий-ҳуқуқий ишлаш кластери” тизими жорий этилади. Бунда ўсмирларни учта тоифага бўлган ҳолда мутасаддилар томонидан “оталиққа олиш” тартиби белгиланади.

Хусусан, жиноят содир этган ёки жиноят қилишга мойил бўлганларга ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари, ижтимоий зарарли хатти-ҳаракат содир этиши мумкин бўлганларга давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари, назоратсиз ва қаровсиз қолганларга ҳокимликлар, таълим муассасаси директорлари ва маҳалла раислари бириктирилади.

Бешинчидан, “Хавфсиз оила” тамойили асосида алоҳида иш тизими йўлга қўйилади. Бунда ижтимоий-маиший муаммоси ҳал бўлмаган оилалар билан ишлаш давлат идораларининг биринчи галдаги вазифаси этиб белгиланади. Судда низолашаётган оилалар билан манзилли ишлаш бўйича ягона идоралараро ахборот тизими ишга туширилади. Бунинг учун суд органларига низонинг мазмуни ва ундан кутилаётган хатарларнинг барвақт олдини олиш бўйича маҳалла ва ички ишлар органларини хабардор қилиш, таҳлилий тавсия бериш вазифаси юклатилади.

Ўз навбатида, ички ишлар органлари, суд тавсиясига асосан, низоли оилани ўрганиб, ҳимоя ордери орқали “оилабай” профилактик чораларни кўриш, сектор раҳбарлари ва маҳалла раисларига оиланинг маиший муаммоларини ҳал этишда яқиндан кўмаклашиш, адлия органлари эса низолашаётган оила билан манзилли маслаҳатлашув ўтказиб, малакали ҳуқуқий ёрдам бериш ишларини амалга оширади.

Олтинчидан, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги – жамоатчилик назоратида” тамойили асосида йилига камида икки марта ижтимоий сўров ўтказиш, шунингдек, барча йўл-патруль хизмати ходимлари учун маҳаллаларни қамраб олувчи жавобгарлик ҳудудини белгилаб қўйиш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан амалга оширилган ишлар бўйича Олий Мажлис, маҳаллий кенгашлар ва кенг жамоатчиликка ҳар ярим йилда ҳисобот бериб борилади.

Мамлакатимиз бўйича энг хавфли йўл ва чорраҳалар харитаси шакллантирилади. Ушбу харитада ҳаракатни тартибга солиш учун зарур бўлган светофор, йўл тўсиқлари, ер усти ва ер ости пиёдалар йўлакларининг аниқ сони ва ўрнатилиш жойлари, шунингдек, таъмирталаб, жиддий хавф туғдираётган йўл қисмларининг жойлашуви кўрсатилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари кўмагида, консультантларни жалб қилган ҳолда, ушбу йўл ва чорраҳаларда тартиб ўрнатиш ишлари бошланади. 

Еттинчидан, сўнгги вақтларда янги турдаги жиноятлар ва уларни содир этиш усуллари пайдо бўлмоқда. Айниқса, ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатувчи ёт ғояларни тарғиб этиш, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш, фуқароларнинг шахсий маълумотларини ва мол-мулкини интернет ҳамда ижтимоий тармоқлар ёрдамида ноқонуний қўлга киритиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Мана шундай вазиятда барчамиз доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз, энг асосийси, маҳалла фаоллари, нуронийлар, устоз ва мураббийлар билан биргаликда келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизни жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилишнинг содда ва самарали усуллари амалда қўлланади.

Саккизинчидан, шиддат билан ўзгараётган ҳозирги замонда соҳани рақамлаштириш даражасини юксак даражага етказишга алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, аҳолига электрон давлат хизматларини кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, идоралараро ахборот алмашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш бўйича барча зарур чоралар кўрилади. Бунга бор кучимиз ва имкониятларимизни йўналтирамиз.

Тўққизинчидан, тизимда маънавий-ахлоқий масалаларга эътибор тубдан ўзгаради. Ички ишлар органлари ходимлари ҳар куни минглаб фуқаро билан мулоқотга киришади. Бу жараёнда уларнинг хушмуомала бўлиши, фуқаролар муаммоларига қонуний ечим топиши аҳоли, умуман, жамиятдаги ижтимоий кайфиятга жуда катта таъсир кўрсатади.

Шу маънода, ўз касбига, хизмат бурчига садоқатли, юрт тинчлиги, халқ манфаати учун хизмат қилишни муқаддас бурчи деб биладиган чинакам фидойи ходимлар ички ишлар органлари зиммасига юклатилган вазифаларни муваффақиятли бажаришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунинг учун бундан буён ҳам кадрларни тайёрлаш, танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳамда тизимни нопок, ғаразли ниятдаги, ўз манфаатларини халқ манфаатидан устун қўядиган шахслардан тозалаш ишлари диққатимиз марказида бўлади.

Азиз юртдошлар!

Жонажон Ўзбекистонимиздаги бугунги озод ва фаровон ҳаёт, тинчлик ва осойишталик ҳамда фуқароларнинг эмин-эркин яшаб меҳнат қилиши учун яратилган барча шароитларнинг қадрига етиш, Ватанимизнинг бугунги куни ва эртаси учун, касби коримиз, ёшимиз, миллатимиз ва эътиқодимиздан қатъи назар, ҳар биримиз ўзимизни масъул деб билишимиз лозим.

Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ички ишлар органлари ходимларининг шарафли бурчидир. Халқ манфаатларига хизмат қилиш соҳа вакилларининг асосий шиори бўлиб қолади.

Ана шундай эзгу ва хайрли ишларда ички ишлар органлари, авваламбор, жонажон Ўзбекистонимизнинг кўп миллатли халқига, жонкуяр ва фидойи маҳалла фаолларига, кўпни кўрган нуроний отахон ва онахонларимизга, меҳрибон опа-сингилларимиз, хотин-қизлар ташкилотларининг тажрибали вакилларига, инсон қалби муҳандислари бўлган устоз ва мураббийларимизга, ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган азму шижоатли ёшларимизга таянади ва суянади.

Қадрли ватандошлар, мамлакатимизда тинч ва осойишта ҳаётни янада мустаҳкамлаш, махаллаларимизда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда ягона куч бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилайлик!

Пўлат Бобожонов,Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири




«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: