Одилжон Тожиев Алишер Қодировнинг ўлим жазосини тиклаш ҳақидаги фикрига муносабат билдирди
Тошкентда 3 ёшли боланинг шавқатсизларча ўлдирилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. "Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров болани ўлдирганларнинг яшашга ҳаққи йўқ, дея ўлим жазосини тиклашни таклиф қилган эди. Мазкур таклифга нисбатан Депутат Одилжон Тожиев муносабат билдирди.
“Бегуноҳ гўдакнинг умрига зомин бўлган кимсаларнинг яшашга ҳаққи йўқ, дея билдирилган иддао “ўлим жазосини тиклаш керак” дегандек гап.
Бир қарашда адолатли ва мақбул ечимдек кўринадиган ушбу таклифга мутлақо қўшилмайман.
Сабаби: Биринчидан, ўлим жазоси эҳтимолий нохолис ўтказилган тергов ёки нотўғри чиқарилган ҳукм таъсирида жазоланган бегуноҳ инсоннинг ҳаёти бутунлай йўқотилишига олиб келиши мумкин.
Тарих тирик гувоҳ. Суд қарори қанчалик адолатли кўринмасин, йиллар ўтиб жиноятчи аслида умуман бошқа шахс бўлганлиги аниқланган кейслар жуда кўп. Мисол учун каннибал Чикатило. Унинг қотиллиги деб бошқа инсон ўлим жазосига ҳукм қилинган.
Иккинчидан, ўлим жазоси жиноятчилик даражасига таъсир кўрсатмайди. Жиноятлардан тийиб турадиган самарали воситалардан бири жазонинг шафқатсизлигида эмас, муқаррарлигида намоён бўлади.
Қолаверса, ўзга бир инсоннинг умрига нуқта қўйишга сабабчи бўлган қотилга ўлим жазосини берсак, ўша ваҳший кимсадан фарқимиз қолмайди. Давлат ўзи бермаган ҳаётни олишга ҳаққи йўқ, деб ўйлайман. Яшаш бу табиий ҳуқуқ”, деб ёзади депутат.
“Ўлим жазосини тиклаш керак деганларга Конституция китобини совға қилиш керак", дейди Одилжон Тожиев.
Ўхшаш янгиликлар:
"Марҳум охирги вақтларда кўп спиртли ичимлик истеъмол қилган". Бош прокуратура ўз жонига қасд қилган етакчи воқеаси бўйича маълумот берди
Марҳумнинг ўлим сабабига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.