Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Президент маслаҳатчиси Қашқадарёда жамоатчилик вакиллари ҳамда олимлар билан учрашди
Президент маслаҳатчиси Қашқадарёда жамоатчилик вакиллари ҳамда олимлар билан учрашди
25 апр 2025
690
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ
Президентининг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси Сардор Умрзоқов қашқадарёлик блогер, журналистлар билан учрашди. Учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, Қашқадарёда амалга ошириш режалаштирилган янги лойиҳалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Қаршида Таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг навбатдаги сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, инвестиция муҳитини яхшилаш, инфратузилмани модернизация қилиш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда мамлакатнинг етакчи таҳлил ва илмий марказлари — Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Марказий Осиё халқаро институти, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Муҳокама қилинган асосий мавзулар қуйидагилардан иборат бўлди:
- Инвестицияларни жалб қилиш ва ташқи иқтисодий ҳамкорлик: вилоят бўйича 12 та устувор лойиҳа тақдим этилди, янги ўсиш нуқталари ва хорижий ҳамкорларни жалб қилиш йўллари муҳокама қилинди.
- Кичик бизнесни ривожлантириш ва камбағалликни камайтириш: 828 та маҳаллада тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровномалар натижалари эълон қилинди, уларни қўллаб-қувватлаш чоралари ишлаб чиқилди.
- Муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш: қишлоқ ва шаҳар ҳудудларида яшаш шароитларини яхшилаш бўйича аниқ қадамлар таклиф этилди.
- Ёшлар билан ишлаш: IT, чет тиллари, шахсий ривожланиш ва касбий таълимни ўз ичига олган тўртта йўналишдан иборат платформа тақдим этилди.
- Экологик ва сув муаммоларини ҳал қилиш: томчилаб суғориш тизимига ўтиш ва Туркманистон билан чегарадош ҳудудларда “яшил белбоғлар” яратиш ташаббуслари илгари сурилди.
Йиғилишда жамоат барқарорлиги, маҳалла тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш ва маънавий-ахлоқий ташаббусларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.