Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Қамашида ҳафтанинг жума куни туризм соҳасини ривожлантириш куни этиб белгиланди

Қамашида ҳафтанинг жума куни туризм соҳасини ривожлантириш куни этиб белгиланди

26 сен 2022
890
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ
Имкониятларидан унумли фойдаланмагани учун синов муддати белгиланган Қамаши туман ҳокимининг хулосалари
"Давлатимиз раҳбари раислигида мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши давомида, туристларга хизмат кўрсатиш бўйича туманимизнинг танқид остига олинганлиги бизни чуқур мулоҳазага, бу борада амалга оширадиган ишларимизни қайтадан кўриб чиқиб тегишли хулосалар чиқаришга ундади.
Қамаши туманида табиатнинг бетаркор манзаралари ва тарихий обидалари бўлиб, туризмни ривожлантириш учун қулай шароитлар бисёр. Қамаши тоғларида астрономик, эко, тиббий, зиёрат ва тарихий туризмни ривожлантириш учун имкониятлар мавжуд. Фақат биз мутасаддилар бу имкониятлардан тўлақонли фойдалана олмадик ва Президентимизнинг хақли эътирозига сабабчи бўлдик. Энди туманимизда ички ва ташқи туристларга қулай хизмат кўрсатишни ташкил қилиш, мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш йўлида амалга ошириладиган ишлар бўйича сусткашлик қилишга хаққимиз йўқ.

Қамаши тумани Қашқадарё вилоятининг салоҳияти юқори туманларидан бири ҳисобланади. Хусусан, туман ҳудудида Майданак обсерваториясининг жойлашганлиги астрономик туризмни ташкил қилиш имконини беради. Майданак обсерваторияси 1970 йилда Ҳисор тоғ тизмаларида денгиз сатҳидан 2650 метр баландликда бунёд қилинган. Обсерваторияда 5 та телескоп жойлашган бўлиб, улардан бири 1,5 метрлик Ўрта Осиёдаги ягона телескоп ҳисобланади. Шунингдек, Майданак тоғ кенгликларида 9000 гектардан ортиқ ҳудудда Зарафшон арчалари жойлашган бўлиб, ҳавонинг мусаффо бўлишини таъминлайди. Қиш мавсумида 2 метрдан юқори қор сақланиб туриши ушбу мавсумда ҳам сайёҳларни ўзига жалб қилади. 2019 йилдан буён ушбу ҳудудда ўтовларнинг ташкил қилиниши ички туристлар оқимининг ошишига сабабчи бўлди. Жорий йилда 3500 дан ортиқ сайёҳлар ушбу ўтовларда хордиқ чиқаришди. 
 Майданак обсерваторияси ва унга туташ ҳудудларнинг “мастер-режа”лари ишлаб чиқиш ишлари бошлаб юборилган. Бунда Туркия, Грузия ва бошқа туризм ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасидан фойдаланилади. Бугунги кунда “Майданак” обсерваторияси ва унга туташ ҳудудларнинг “мастер-режа”си концепцияси Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) томонидан ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, “мастер-режа”ни ишлаб чиқиш бўйича Туркиянинг қурилиш соҳасидаги йирик “SIGMA” компанияси билан музокаралар олиб борилди ва уларнинг мутахассисларининг келиши қутилмоқда.
 Шу қаторда Кон қишлоғида туз конининг жойлашувчи тиббиёт туризмга замин яратади. Туз конда маълум вақт давомида бўлган киши нафас олишдаги баъзи касалликларга даво топади.
“Лангар ота” қадамжоси туманнинг туризм салоҳиятини очиб беришда муҳим аҳамият касб этади. Зиёратгоҳ милодий 1520 йилларда бунёд этилган. Ўрта асрлар Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб намунаси бўлган ушбу хонақоҳ-мақбарада тасаввуф таълимотининг йирик вакиллари абадий қўним топган. “Лангар ота” мақбараси гумбази тепасига ўрнатилган тўрт туғли белги – тасаввуф таълимотининг туб моҳиятини ўзида мужассам этган шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат илмининг тамойили саналади.
Туризм соҳасида туманда олиб борилаётган ишларни сарҳисоб қилиб бориш мақсадида ҳафтанинг жума куни туризм соҳасини ривожлантириш куни этиб белгиланди.
Ҳар жума куни туроператор, меҳмонхона ва дам олиш масканлари, шунингдек бошқа туризм хизматлари кўрсатувчи вакиллари билан учрашиб, уларнинг фаолиятида юзага келган муаммолар аниқланади ва ҳал этиш чоралари кўрилади.
Тумандаги барча сув омборлар, ўрмон хўжалиги ерлари ўрганилиб, уларни туристик зоналарга айлантириш бўйича мутахассислар жалб қилинади, хорижий тажрибадан фойдаланиб, дастурлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, туманимизга ташриф буюрувчи ички ва чет эллик туристларнинг аниқ ҳисобини юритиш йўлга қўйилади.
Ҳозирги кунда ҳамкорликда ишлаётган Германиянинг “Центраазия тур” туроператорининг имкониятларидан кенг фойдаланилади. Ушбу туроператор тумандаги Чангак маҳалласи хонадонларида халқимизнинг урф-одатлари, қадриятлари билан чет эллик туристларни таништириб келмоқда. Жорий йилда ҳам юзга яқин туристлар ушбу масканда бўлиб кетишди. 
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, туманимизга ташриф буюрувчи меҳмонлар ва туристлар учун янада қулайлик яратиш мақсадида 7,5 гектар ҳудудда янги бозор қурилиши якунланиб, тез кунларда фойдаланишга топширилади. 

Туманда туризмга ихтисослашган Қизилтепа, Кўкбулоқ ва Катта Ўра маҳалла фуқаролар йиғини инфратузилмасини янада яхшилаш, ушбу маҳаллаларни боғлаб турувчи асосий йўл бўйлаб янги хизмат кўрсатиш шахобчалари ташкил қилиш, ошхона, уй меҳмонхоналари, кемпинг, отда сайр қилиш хизматларини йўлга қўйилади.   

Олдимизга туманнинг туристик жозибадорлигини ошириш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб олдик. Йил якунига қадар ушбу вазифаларни амалга ошириш орқали туманимизда туристларнинг қолиш муддатларини узайтириш ва уларга янада сифатли хизматларни йўлга қўйишни мақсад қилиб олдик", - дейди Қамаши тумани ҳокими Ботир Тоғаев.
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: