Бош саҳифа » ТАНҚИДИЙ » Қаршида фуқаролар қурилиши чала ташлаб кетилган уйлар учун кредит тўламоқда

Қаршида фуқаролар қурилиши чала ташлаб кетилган уйлар учун кредит тўламоқда

30 апр 2022
1 906
ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Жорий йилнинг апрель ойи бошида «Nasafnews» ахборот сайтига бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, «Асакабанк» вилоят филиали ҳали қурилиши тугамаган уйлар учун 2019 йилда фуқароларга кредит расмийлаштиргани, қурувчи ва банк уларнинг пулларини ўзлаштирганини айтишганди. Орадан бир ойга яқин вақт ўтгандан сўнг, ниҳоят Қашқадарё вилояти прокуратурасидан садо чиқди.

Аниқланишича, «Асакабанк» акциядорлик жамияти Қарши филиали мансабдор шахслари 2019 йилнинг сентябрь-ноябрь ойлари давомида  Вазирлар Маҳкамасининг 16.01.2017 йилдаги14-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 59-бандида келтирилган ипотека кредитлари уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган жисмоний шахсларга кўп квартирали уй фойдаланишга топширилганидан кейин берилиши ҳақидаги тартибга зид равишда ҳаракат қилган.

Улар “Гигант сифат олий қурилиш” хусусий корхонаси томонидан қурилиши якунига етказилмаган уй жойларни сотиб олиш учун 24 нафар фуқароларга жами 3 млрд 90 млн сўмлик ипотека кредитларини ажратиб, кредит эвазига фуқаролар томонидан уй-жойлар сотиб олинишини таъминламасдан, жуда кўп миқдордаги кредит маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилишган.


Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан «Асакабанк» акциядорлик жамияти Қарши филиали ва “Гигант сифат олий қурилиш” хусусий корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши  қўзғатилган бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади вилоят прокуратураси маълумотида.
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: