Қаршида қайнсинглисини ўлдирган эркак асаб-руҳий касалликлар шифохонасидан қочиб чиққани айтилмоқда
Қарши туманидаги «Кожор» МФЙда яшовчи, вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонасида ҳисобда турувчи руҳий касал М.П. 17 июль куни ўз қайнсинглисини офтоба билан уриб ўлдириб қўйгани ҳақида хабар берган эдик. Марҳум аёл яшаган Қарши шаҳар «Каманди» МФЙ раиси Алишер Эшназаровнинг "Nasafnews" мухбири билан суҳбатда айтишича, эркак воқеа содир бўлишидан аввал шифохонадан қочиб чиққан.
"Ўта тажовузкор руҳий касал қандай қилиб шифохонадан чиқиб кетгани, назоратсиз қолгани бўйича бизни эътирозларимиз бор. Асаб-руҳий касалликлар шифохонаси назоратни кучайтирмас экан бу каби жиноятлар яна қаердадир такрорланиши мумкин", - дейди раис.
Маҳалла раисининг айтишича, руҳий касал эркак оиласидан аламзада бўлган. Аввал ҳам шифохонадан қочиб чиқиб фарзандига жароҳат етказган. Раис вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси маъмурияти ва ходимларини бу каби беморларга қарашда эътиборсизлик қилаётганини, оқибатда беморлар тез-тез шифохонадан қочиб чиқаётганини, бу ҳолат жиддий ўрганилиши кераклигини алоҳида таъкидлади.