Бош саҳифа » ТАНҚИДИЙ » Танг аҳволда қолган "Чироқчи" газетаси муҳаррири пахта теримига чақирилмоқда

Танг аҳволда қолган "Чироқчи" газетаси муҳаррири пахта теримига чақирилмоқда

08 сен 2022
1 402
ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ҳокимлиги муассислигидаги "Чироқчи" газетаси муҳаррири Ҳазратқул Эгамбердиев пахта терими ишларини назорат қилиш учун бириктирилмоқда. Газета муҳаррири "Nasafnews" мухбирига мурожаат қилиб, бу мажбурий меҳнат саналишини айтди. 

"Бугун эрталаб пахта штабнинг бошлиғи Бахтиёр Холиёров телефон қилиб, мени Бешчашма ҳудудидаги терим ишларига жалб қилинганимни айтди. Шу масалада ҳоким ҳам 2 маротаба чақиртирганди. Кутиб, кутиб, қабулига киролмай қайтдим. Кеча вилоят прокурори мурожаат билан чиққанди. Ижтимоий соҳа вакилларини мажбурий меҳнатга жалб қилган мансабдорлар жазоланади деганди. Лекин бизда шундай бўлаяпти", - дейди Ҳазратқул Эгамбердиев.

Муҳаррирнинг таъкидлашича, Нодир Эркаев туманга ҳоким бўлиб келгандан кейин газетада аҳвол жуда оғирлашган. Муассис ҳокимлик бўла туриб, моддий-маънавий томонидан қўллаш келганда ҳаттоки депутатлар кенгаши томонидан чиқарилган қарор ижроси бажарилмаяпти. 

"Президент порталига мурожаат билан чиқдик, Бош вазир селекторидаги протоколда муассис газета ходимларига иш ҳақлари тўлаб берсин дейилганди. Шундан кейин сессия қарор қилиб, газета учун 10 млн сўм ажратилди. Шу бўйича сессия қарори ҳам чиқди. Лекин бу пулларни бу ҳоким бермайман деб айтди. Бундан ташқари, туман ташкилотлари газетага ихтиёрий обуна бўлган. Лекин уларда ҳам катта қарздорлик бор. Масалан, туман тиббиёт бирлашмасига 25 млн сўмлик газета етказиб берилди. Аммо улар ҳам обунадан тушган бу пулларни бермаяпти. Бундан ташқари, мактабгача таълим бўлимининг ҳам обунадан 12 млн сўм 6 ойлик қарздорлиги бор. Улар ҳам бизни ҳозирги кунда оввора қилмоқда", - дейди муҳаррир.

Маълум қилинишича, "Чироқчи" газетаси охирги маротаба 31 август куни 450 та ададда чиқарилган. Газетада 5 киши ишламоқда. Ходимларга 2 ойдан бери ойлик тўланмайди.

"Ҳоким бўлиб келдим, деб ҳамма ташкилотга кириб кўрди. Лекин газетага бирор маротаба қарамади. Қандай шароитда ишлаяпти, нима муаммоси бор қизиқиб ҳам кўрмади. Энди эса мени пахта ишларига айтяпти. Мен 35, 40 км узоққа бориб, терим ишларини “разбор” қилолмайман. Бунга имкониятим ҳам пулим ҳам етмайди", - дейди газета муҳаррири Ҳазратқул Эгамбердиев.

Эслатиб ўтамиз, кеча Қашқадарё вилоятининг янги прокурори Салом Самадов мурожаат билан чиқиб, мансабдор шахсларни ҳам огоҳлантирганди.

"Ҳокимлик идоралари, барча қишлоқ хўжалиги, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳаси, давлат идоралари, мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона ва ташкилотлар мансабдор шахсларини қўл остидаги шахсларни мажбурий меҳнатга жалб этганлик ёхуд болалар меҳнатига йўл қўйганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантираман",  - деганди вилоят прокурори.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: