Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Шаҳрисабзда фаолият кўрсатиб турган боғча бузилиб, қурилиш ишлари чала ташлаб кетилди

Шаҳрисабзда фаолият кўрсатиб турган боғча бузилиб, қурилиш ишлари чала ташлаб кетилди

05 окт 2022
839
ТАҲЛИЛИЙ / ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Шаҳрисабз туманидаги 27-давлат мактабгача таълим ташкилоти 2022 йил май ойида реконструкция ишлари амалга оширилиши айтилиб, ёпиб ташланди. Мавжуд боғча бузилди. Аммо қурилиш-таъмирлаш ишларидан орадан шунча вақт ўтса ҳам дарак йўқ.
Ҳудуддаги ота-оналар эса ҳолат юзасидан "Nasafnews"га шикоят қилди.

"Эски боғча 70 ўринли бўлиб, 120 та болага таълим-тарбия бериб келаётганди. 
Бу ер қурилишга тушган деб, 2022 йил 17 май кунида  тезлик билан 3 кун ичида бўшатиб беришлари шарт эканлиги айтилди ва боғча том қисми бузилди. Тендерда ютиб олганлар "боғча ҳисоб рақамига пул ўтгани йўқ,  ўтиши билан бошлаймиз", деб  биз қишлоқ халқини алдаб келмоқда. Бизнинг болаларимиз учун боғча жуда зарур. Бу аҳволда боғчамиз йўқолиб кетадими?", - дея мурожаат йўлламоқда қишлоқлик ота-оналар.

"Nasafnews" мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти мактабгача таълим бошқармасидан изоҳ олди.

"Туман ҳокими қарорига асосан бузиш ишлари бошланган. Қурувчи томонидан кейин молиялашмаганлиги сабабли ишлар тўхтаб қолган. 
Аслида таъмирланаётган бино мослаштирилган бино бўлиб, талабга жавоб бермаган.Бузилмаган тақдирда ҳам у ерда бола киритилиши мумкин бўлмаган", - дейди бошқарма ахборот хизмати "Nasafnews" сўровига жавобан.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати эса бинони қуриш ишларига масъул ташкилот Қашқадарё вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси эканини маълум қилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси директори Абдусамат Нормўминов "Nasafnews" мухбири билан мулоқот чоғида боғча Президент ташрифи протоколига тушгани учун бузилганини айтди.

"Халқаро молия институти маблағлари ҳисобидан ташриф муносабати билан шундай боғчалардан 15 ёки 16 та қурилиши керак эди. Шунда у боғча бузиш ишлари тендерсиз амалга оширилган. Қурувчилар қўйилгандан кейин ишни бошлаб ташлаган. Шундай кейин Халқаро молия институти маблағлари ҳисобидан маблағ ажратилмай қолди. Ҳозиргача шу муаммо ечилгани йўқ", - дейди Абдусамат Нормўминов.

"Эртага маблағ бўлмай қолишини биз билмадикда. У жой давлатнинг объекти. Уни давлат ҳеч қачон ташлаб қўймайди. Уни ечими қилинади. Буни ҳамма раҳбарият кўриб-билиб турибди", - дея қўшимча қилади Қашқадарё вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси директори.

"Nasafnews" воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: