Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Ғузорлик фермер туман марказидаги банк биноси олдига чорва молларини ҳайдаб борди

Ғузорлик фермер туман марказидаги банк биноси олдига чорва молларини ҳайдаб борди

13 окт 2022
1 973
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Ғузор туманидаги "Ғузор қудуқ чорва" фермер хўжалиги раиси Хамза Тоштемиров чорва фермер хўжалигида ер майдони мавжуд эмаслиги ва озуқа маҳсулотлари етишмовчилиги ҳақида мурожаат қилиб чиқди ва норозилик сифатида туман марказидаги банк биноси олдига чорва молларини ҳайдаб борди. Ҳолат юзасидан Ғузор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати расмий муносабат  билдирди.

"Ғузор қудуқ чорва" фермер хўжалиги томонидан 2020 йил 28 май куни АТ "Халқ банки" Ғузор филиалидан ажратилган 1 млрд. 877 млн. сўм миқдордаги кредит маблағи асосида Германия давлатидан 67 бош зотли қорамоллари олиб келинган.

Банк кредитини ажратилишида банк томонидан фермер хўжалигида ушбу чорва моллари учун озуқа маҳсулотлари етиштириш учун ер майдонлари етарли эканлиги эътиборга олинган.
Қайд этиш керакки, "Ғузор қудуқ чорва" фермер хўжалигига 67,7 гектар, шундан 42,7 гектар суғориладиган ва 25 гектар лалми ер майдонлари қонунда белгиланган тартибда туман ҳокими қарори ва аукцион баённомалари орқали ажратиб берилган.


Хусусан, Ғузор тумани ҳокимининг 06.02.2017 йилдаги Х-236/02-сонли қарорига асосан "Ғузор қудуқ чорва" фермер хўжалигига М.Рахмонов ҳудудидаги туман захира ер фондидан жами 37 гектар, шундан 11,8 гектар суғориладиган ер ва 25 гектар лалми ер майдони ажратиб берилган.

Шунингдек, 18.03.2022 йилда "Ғузор қудуқ чорва" фермер хўжалиги томонидан Жонбулоқ ҳудудидан «Е-Аукцион» тизим орқали 30,9 гектар суғориладиган ер майдони ютиб олинган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 46-1-моддаси 1-қисми 3-бандида чорвачилик маҳсулотини ишлаб чиқаришга ихтисослашганларга озуқа экинларини етиштириш учун (шартли бир бош қорамол учун) суғориладиган ерлардан - камида 0,3 гектар ва лалмикор ерлардан - камида 1 гектар ўлчамда ажратилиши назарда тутилган.Ушбу қонун нормаларига кўра, "Ғузор қудуқ чорва" фермер хўжалиги томонидан келтирилган 67 бош чорва моллари учун жами 18 гектар ер майдони талаб этилади. (Фермер хўжаликка 24,7 гектар суғориладиган ва 10 гектар лалми ер майдони меъёрдан ортиқ ажратиб берилган.) Бундан ташқари, фермер хўжалиги раиси Х.Тоштемиров томонидан тумандаги М.Рахмонов худудидаги 189қ, 191 ва 339-сонли контурлардаги жами 43,1 гектар суғориладиган ер майдонларидан узоқ вақт ҳужжатсиз фойдаланиб келинмоқда.

Мазкур ер майдонини фермер хўжаликка ажратиб бериш ҳақидаги оғзаки мурожаатига жавобан Х.Тоштемировга қонун талаблари тушунтирилган.

Қайд этиш керакки, маҳаллий ҳокимлик томонидан чорвачилик фермер хўжалиги ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ҳам доимий равишда қўллаб-қувватланиб келинмоқда.

Хусусан, "Ғузор қудуқ чорва" фермер хўжалиги ер майдонларида кафолатли сув билан таъминлаш мақсадида ҳомийлик маблағлари асосида текинга артезиан қудуғи қазиб берилган.
Шунингдек, Х.Тоштемиров томонидан ҳокимлик ёрдами билан олиб берилган тумандаги Жонбулоқ ҳудудидаги захира ер майдонларида 18 гектар ер майдонида беда (ғалла аралаштириб) ҳамда Бўстон ҳудудидаги "Тўрахонов Абдулхақ" фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган 5 гектар ер майдонида тариқ экилиб, йиғиштириб олинган. (Комбайн билан ўриш хизматлари ҳомийлар ёрдамида текинга хизмат кўрсатилган.) Шунингдек, озуқа маҳсулотлари масаласида амалий ёрдам сўраб қилинган мурожаатига асосан бепул беда, табиий ҳашак ва маккажўхори озуқа маҳсулотлари унинг хонадонига етказиб берилган.

Жорий йилнинг 3 октябрь куни фуқаро Х.Тоштемиров жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ўзига тегишли чорва молларини банк ховлисига олиб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ғузор туман судида кўрилиб, суднинг шу кундаги қарорига асосан ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Фермер хўжалиги раиси Х.Тоштемиров бугунги кунда тижорат банкларидан кредит тўловларини тўлаш муддатини узайтиришни ва кредит учун фоиз тўловларини ҳисобланишини тўхтатишни талаб қилаётган бўлиб, унинг мазкур талабларининг қонунийлиги ва уни ижобий ҳал этиш масаласи ваколатли банклар томонидан ўрганилмоқда.
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: