Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Монополиями ёки очиқчасига беписандлик

Монополиями ёки очиқчасига беписандлик

15 окт 2022
1 685
ТАҲЛИЛИЙ / ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Монополия тадбиркорликда, умуман ҳар қандай фаолиятда ўзининг салбий таъсирини ўтказишидан хабардормиз. Ва айнан мана шундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари фаолияти йўлга қўйилган.

Лекин афсуски, айрим ҳолларда очиқчасига беписандлик ёки аллақандай манфаатлар туфайли монополияга йўл қўямиз. Мана масалан, Шаҳрисабз шаҳридаги вилоят тери-таносил касалликлари шифохонаси билан боғлиқ ҳолатни келтириш мумкин. Ҳолат ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, ушбу шифохона биносини таъмирлаш учун тендерга қўйилади. Тендерга қўйишдан мақсад нима эканлигини таъкидлашни ҳожати йўқ. Танлов шартлари ҳам маълум. Лекин...

Кўрадиган бўлсак, etender.uzex.uz электрон савдо тизими орқали бўлиб ўтган лот рақами 154726 (Объект номи «Шаҳрисабз шаҳридаги вилоят тери-таносил касалликлари шифохонасини жорий таъмирлаш») танловидаги комиссия, бал беришда катта хатоликларга йўл қўйилганлиги айтилмоқда.

Буни қарангки, ушбу тендeрда ютган ташкилот ҳатто соҳавий қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингида (https://reyting.mc.uz/ сайти) ҳам йўқ.

Ушбу фирма тарихига назар ташланадиган бўлсак, ташкил этилганига бир йил бўлган холос. Хўш, янгидан ташкил бўлган, электрон рейтингда бўлмаган ташкилот қандай қилиб тендерда ютди?

Катта эҳтимол билан бу ишга “котта”лар ёки таниш-билишчилик аралашган бўлса, бу очиқчасига беписандлик, қонунларни ва мавжуд тартиб-қоидани шунчаки онгли равишда бузиш. Агарда бошқа манфаат бўладиган бўлса, демак буёғи монополия, коррупция ва яна бир қанча “ия, “ия”лар...

Хўп, ҳолатнинг якуни нима билан тугади. Ажойиб якун бўлди. Яъни, монополияга қарши курашиш қўмитасида вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 2022 йил 10 октябрь санаси билан 01-02/91-сонли ажрим қабул қилинган. 

Ажримга асосан эса иш қўзғатилган. Бошқармаси бошлиғи С.И.Садиков ўрганиш натижалари бўйича Қашқадарё вилоят тери-таносил касалликлари шифохонаси томонидан etender.uzex.uz электрон савдо тизими орқали бўлиб ўтган лот рақами 154726 (Объект номи «Шахрисабз шахридаги вилоят тери-таносил касалликлари шифохонасини жорий таъмирлаш») танловини ўтказишда бир қатор қонун ҳужжатларида белгиланган тартибларни бузилган эканлигини таъкидлаб ўтди ҳамда танлов баёнини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Танлов қайта ўтказилиши белгилаб берилди.Демак, тез орада адолат қарор топиши ва бу ҳолатга йўл қўйган айбдорлар жазосини олиши аниқ. Кузатамиз...

Хуршида Узоқова

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: