Сўкиниш навбати ҳокимлардан МИБчиларга…ми? (аудио) 18+

5332
Куни кеча ижтимоий тамоқларда бир масалани ўқидим. ЎзМТРК ўзининг икки ходимини касбий этикага амал қилмагани учун лавозимидан четлатибди. Қизиқ! ЎзМТРКнинг раҳбарияти (ва бошқа айрим раҳбарларимиз) “жуда тегма нозик” бўлиб кетганга ўхшайди. Бирозгина “амалсизлик учун” шунча ғавғо! Уларни яхши раҳбарнинг қўл остига топшириш ҳаммасини ҳал этарди менимча!
Мана, бизнинг Қашқадарё вилоятимизга келинг, бизда “яхши” кадрлар жуда кўп! Муборак ва Ғузор туманларининг собиқ ҳокимлари ҳозир бекор юрибди! Унча-мунча ходимларни “йўлига солади”! Фақат бир айби бор, озгина ҳақоратлайди! Нима бўлибди?!
Агар улар тўғри келмаса, яна бир номзодни таклиф этишимиз мумкин! Ҳозирда Касби туман Мажбурий ижро бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритаётган У. З. номзодини! Бу киши ходимларини доимий назоратда ушлайдиган, йиғилишларни “ажойиб” тарзда – “яқинларга илиқ муносабат кўрсатган” ҳолда ўтказадиган “жиддий” ходим. Асосийси, аввалги ҳокимлардан эстафетани яхши қабул қилган. Ишонмайсизми? Унда қуйидаги аудиони эшитинг.
Таҳририятимизнинг @NasafnewsUz_Bot манзилига бугун Касби туманидан овозли хабар ва ёзма мурожаат келиб тушди. Овозли хабарда қандайдир киши ўз ходимига уйма-уй юргани ёки йўқлигини сўрагани, шундан сўнг ходимини бир қанча “ҳашамдор” сўзлар билан “йўқлагани” акс этган. Ёзма мурожаатда ўзини ошкор этишларини истамаган фуқаро овоз Касби туман Мажбурий ижро бўлими бошлиғига тегишлилигини иддао этмоқда.
Раҳбарнинг бунақа муносабати доимий тус олган, – деб ёзади мурожаат эгаси. – Кундалик йиғилишлар ходимларнинг шахсиятига тегиш билан бошланиб, жамоавий ҳақоратлаш билан тугайди. Карантин даврида Мажбурий ижро бюроси ходимлари маошини ўз вақтида олмасдан ишлаб турган бўлса ҳам уйма-уй юришга мажбурланмоқда. Карантинда ишсиз қолган аҳоли ҳам турли йўллар билан тўлов қилишга мажбурланмоқда.
У. З. серқирра истеъдод соҳиби! Айниқса, таниш-билишлари кўплигини айтмайсизми? Овозли хабар таҳририятимизга келиб тушгандан сўнг ушбу овоз Умид Зиёқуловичга тегишли ёки йўқлигини аниқлаштириш мақсадида ходимимиз вилоят МИБга қўнғироқ қилди. “МИБчилар” аниқ бир жавоб айтолмай алоқани узди. Ҳаммаси кейин бошланди – вилоят прокуратураси ходимлари таҳририятга боғланишди. Қолгани ўша, ҳаммамиз билган эски гаплар! Таҳририят мухбири АЙБДОР!
Хуллас, МИБчиларга мурожаатимиз шуки, ушбу ходимнинг кейинги тақдири Сизга ҳавола! Ҳурматли Шавкат Миромоновичнинг аҳолининг ҳукуматга бўлган ишончини орттириш борасида қилаётган ишлари Касби туманида бизнинг “хизмат кўрсатган сўконғич раҳбар” номинацияси ғолиби бўлган раҳбаримизнинг қўлида! Ўйлаймизки, ушбу мурожаатга алоҳида эътибор қаратилади. Айбдорлар аниқланиб, ўз жазосини олади.
Зеро, бунақа “серқирра истеъдод” соҳибларининг ўрни аниқ бу ерда эмас! Уларни шу лавозимда “ушланиб” қолишини истаган ходимлар ҳам “эски” даврлар ўтганини англашса яхши бўларди. Энди яхши кадрлар Зойир Мирзаев билан елкама елка бўлиб меҳнат қилиши, вилоятимизни республикадаги муҳим ҳудудлардан бирига айлантиришимиз зарур! Шунда аҳоли ҳукуматдан рози бўлади!
Мақола сўнггида вилоятимиз раҳбар ходимларига мурожаатим – илимос, муаммо қолиб уни Сизга етказган ЖУРНАЛИСТ тақдирига қизиқишни бас қилайлик. Яқинда Зойир Тоирович айтганларидай, танқидни яхши қабул қилишга одатланинг. Шунда Шавкат Миромоновичнинг топшириқлари бажарилиб, вилоятимизнинг бугунги аҳволи яхшиланади! 
Ўролжон Кaмолов тайёрлади. 

Мавзуга доир: Қашқадарёда МИБ бўлими бошлиғи ўринбосари ходимларни сўкди ва ўз аризасига кўра ишдан кетди

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here