Қашқадарёда илк бор дунё офтольмологияси катаракта амалиётининг “олтин стандарти” қўлланилди

207

Жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунлари вилоят кўз касалликлари шифохонасида замонавий “Факоэмулсификатор” аппарати ёрдамида илк бор жарроҳлик амалиётлари ўтказилди, деб хабар беради Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.
Шифохонада икки кун давом этган мазкур тадбир давомида республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Воҳид Розуқулов томонидан вилоятимиз мутахассислари учун “мастер-класс” тарзида 17 та жарроҳлик амалиёти ташкил этилди. Жами 41 нафар бемор амбулатор кўрикдан ўтказилиб, аниқ ташхис қўйилди, зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.

-Вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет ҳисобидан вилоят кўз касалликлари шифохонасига замонавий тиббий ускуналар олиш учун 1 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилган эди, – дейди вилоят кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори Баҳриддин Эшдавлатов. – Мазкур маблағ ҳисобидан АҚШда ишлаб чиқарилган замонавий “Факоэмулсификатор” аппарати, Жанубий Кореянинг “ОСТ” (кўз томографияси) ускунаси келтирилди ва яшил лазер ускунаси келтирилиши кўзда тутилмоқда.

-Шу пайтгача шифохонамизда кўзга сунъий гавҳар қўйиш амалиёти асосан қўлда бажарилган, – дейди “Факоэмулсификатор”да жарроҳлик амалиётини бажариш бўйича пойтахтда малака ошириб қайтган шифокор Шокир Лутфуллаев.
– Бунда шоҳ парда 12 миллиметр кесилар эди. Бу эса табиийки, каттагина кесим жароҳатига сабаб бўлар эди. “Факоэмулсификатор”да шу кесим 2 дан 2,8 миллиметргачани ташкил этади. Мазкур ускунани амалиётда ишлатиш орқали кесим жароҳати кичраяди, жароҳат тез битади, жарроҳлик амалиёти вақти, беморнинг стационарда қолиш давомийлиги қисқаради, уни амбулатор шароитда даволаб, бир кунда жавоб бериш имконияти вужудга келади. Бу дунё офтольмологиясида катаракта амалиётининг “олтин стандарти” ҳисобланади. Энди беморлар бу “операция” учун пойтахтга қатнаб юришларига ҳожат йўқ.

-“Операция” ўн дақиқа ҳам давом этгани йўқ, – дейди бемор, Чироқчи тумани Кўктош қишлоғилик Абдурасул бобо Кенжаев.
– Барака топишсин дўхтирлар, “компьютер-аппарат”и билан ўнг кўзимга бир зумда гавҳар қўйишди. Эртага уйга рухсат берамиз дейишаяпти…

Шифохона мутахассисларининг қайд этишларича, келтирилиши кутилаётган яшил лазер ускунаси булардан-да, яхши имкониятлар яратади. Бу орқали кўз тубида бўладиган миопия касаллиги асоратлари, тўрпарданинг қисман кўчиши ва ёрилиши, тўрпарда қон томир касалликларида, қандли диабет касалликлариинг кўз тўрпардасидаги ўзгаришларида, глаукома, иккиламчи катарактада лазер жарроҳик амалиётлари қон кетишсиз, оғриқсиз, қисқа муддатда (20 дақиқагача бўлган вақтда) амалга оширилади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here