Қарши шаҳрида кўриш имконияти чекланган 3 нафар ўқитувчини автомашина уриб юборган. Ўқитувчилар кўриш имконияти чекланган болалардан ҳавотирда

383

Қарши шаҳридаги 18-сонли кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасининг бир гуруҳ ўқитувчилари таълим даргоҳи ёнидаги серқатнов автомобил йўлида пиёдалар ўтиш жойи ва пиёдалар йўлакчаси йўқ эканидан шикоят қилмоқда. Бунинг натижасида бир қатор кўнгилсиз воқеалар юзага келмоқда. “Nasafnews” мухбири ўқитувчилар шикоятини ўрганди.
Маълум бўлишича, 2018-йил давомида 3 марта ўқитувчилар билан боғлиқ йўл-транспорт воқеаси юзага келган. 3 нафар ўқитувчининг 2 нафари енгил жароҳат олган бўлса, 1 нафари оғир шикастланган. Воқеада ҳайдовчиларни ҳам айблаб бўлмайди. Чунки мактаб ёнидаги автомобил йўлида ҳеч қандай йўл белгилари қўйилмаган. Ҳатто пиёдалар ўтиш жойи мавжуд эмас.
-Бизнинг мактабимизда 20 дан ортиқ кўриш бўйича имконияти чекланган ўқитувчилар бўлса, шундан кўриш бўйича имконияти умуман йўқлари 10 нафарни ташкил этади,- дейди она тили ва адабиёт ўқитувчиси Юсуф Хўжалов. Мактабга “Мағзон” маҳалласи ва “Хонтепа” маҳалласи кесишган чорраҳадан келинади. Аммо бу қатнов анча хавфли. Кўзи ожиз ўқувчиларимиз ҳам ўқитувчиларимиз ҳам баъзан ҳаракатланишдан қўрқишади. Чунки пиёдалар йўлакчаси мавжуд эмас, мавжуд йўлакча ҳам эскириб, йўқ бўлиб кетган.

Мактаб дарвозасига келаверишда чиқиндиларга тўлган эски “латок” бетон ариққа кўзингиз тушади. Кўриш имконияти чекланганлар бу ерга йиқилиб тушиши турган гап,- дейди тарих фани ўқитувчиси Фахриддин Толипов.
-Талим даргоҳида 210 нафар кўриш имконияти чекланган болалар таҳсил олади. Улардан 190 нафари туманларда истиқомат қилгани учун ётоқхонада турса, қолган қисми шаҳримизнинг турли нуқталаридан дарсларга қатнаб ўқишади. Кўриб турганингиздек, бу муаммо шунчаки оддий муаммо эмас. Эски “латок” бетон ариқлардан ташқари дарвозагача бўлган йўл ҳам таъмирталаб ҳолга келиб қолган.
-Бизнинг мактабимиз 2012- йилдан буён фаолият олиб боради,- дейди Касаба уюшмаси раиси Мухтор Худойқулов. Мактаб ичида барча шароитлар яратилган. Лекин кўчаларнинг асфалт қилинмагани натижасида ҳар куни чанг ўқувчиларнинг ётоқхонасигача кириб келади. Айниқса, қиш фаслида бу йўллардан ҳаракатланишимиз анча қийинлашади. Масала юзасидан шаҳар ва вилоят ҳокимлигига мурожаат этганмиз. Лекин муаммони ҳеч ким келиб ўрганмади.
Баъзан имкониятимиз чекланмаган бўлсада автомобил йўлларидан ўтишда эҳтиёткорлик чорасини кўришга ҳаракат қиламиз. Баъзида йўллардан ўтишга қийналамиз ҳам.
Энди кўриш бўйича имконияти чекланган фуқарони тасаввур қилиб кўринг,
у биз каби борлиқни тўлиқ кўра олмайди. Сезгиси орқали йўллардан ўтишга ҳаракат қилади. Лекин нега биз уларга шароит яратиб бермаслигимиз керак?
Пиёдалар ўтиш жойини ташкил этиш ҳеч қанча маблағ ҳам кўп вақт ҳам талаб этмайди-ку!
Нима учун мутасаддилар бу муаммо билан қизиқиб кўрмайди?
“Nasafnews” ахборот портали мазкур масала юзасидан тегишли мутасаддилардан жавоб кутади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here