Шавкат Мирзиёев коронавирус ҳақида гапирди, Ўзбекистон Хитой билан авиақатновларни тўхтатди

1912

Хитой соғлиқни сақлаш қўмитаси 31 январь тонгида Хитойда коронавирус туфайли вафот этганлар сони 213 кишига етгани маълум қилди. Вирус билан касалланганлар сони 9692 кишини ташкил этмоқда.

Маркази Ухань бўлган Хубэй провинциясининг ўзида 804 киши оғир, 290 нафар одам эса ўта оғир ҳолатда бўлиб турибди. 171 нафар беморни даволашга муваффақ бўлинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг тарқалишини халқаро даражадаги тиббий фавқулодда ҳолат деб эълон қилди.

АҚШда коронавирус билан касалланиш билан боғлиқ олтинчи ҳолат аниқланди. Қайд этилишича, бу янги турдаги вируснинг инсондан инсонга юқиши билан боғлиқ илк ҳолат ҳисобланади. Бемор мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган Ухань шаҳридан қайтган 60 ёшли америкалик аёл бўлди.

Коронавирус аломатлари беморнинг турмуш ўртоғида ҳам кузатилган, уларнинг иккаласи ҳам касалхонага ётқизилган.

Бир кун аввал вортида 6 минг йўловчиси бўлган Costa Smeralda круиз лайнери эҳтимолий коронавирус таҳдиди сабабли Рим яқинидаги Чивитавеккья портида тўхтатиб, ёпиб қўйилган эди. Макаолик 54 ёшли сайёҳ аёлда ўткир респиратор касаллик аломатлари кузатилгани учун лайнердаги 6 минг сайёҳга ҳам соҳилга тушиш тақиқланган эди.

Текширувлар аёл ва унинг ҳамроҳи янги турдаги вирус билан касалланмаганини кўрсатди. Бу орада эса Италия Хитой билан авиақатновларни тўхтатишга улгурди.

Буюк Британия коронавирус аниқланган Европадаги бешинчи давлатга айланди. Бир оиланинг икки аъзосида ушбу касаллик аниқланган.

Россияда янги турдаги коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ дастлабки икки ҳолат қайд этилди. Вирус Байкалорти ўлкаси ва Тюмень вилоятида бўлган Хитойнинг икки фуқаросида аниқланган.

Уханда 300 нафар, Хубэйда эса 341 нафар россиялик бор. Россия барча фуқароларини 4 февралга қадар қайтариб олиб келишни режалаштирган. Россия ҳукумати хитойликларга ишчи виза беришни тақиқлаш тўғрисидаги қарорни тайёрламоқда.

1 февралдан бошлаб «Аэрофлот»нинг Пекин, Шанхай, Гонконг ва Гуанжчоуга рейсларидан ташқари, Хитой билан барча авиақатновлар, шунингдек, Хитой авиакомпанияларининг Москванинг Шереметьево аэропортига рейслари бекор қилинади.

Россия Хитой билан чегарани ёпди. Энди Мўғулистон билан чегарада чеклов ўрнатади.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида коронавирусга чалинган 70 га яқин фуқаро борлиги ҳақида мессенжер орқали хабар тарқатган шифокор қўлга олинди. Ҳозирда унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасидаги йиғилишда коронавирус масаласига қисқача тўхталиб ўтди.

 «Ҳозирги коронавирус кўзимизни мошдек очиши керак», — деб айтган Президент. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бунда қайси йўналиш бўйича нималар қилиниши керак, нималар ихтиро қилиниши керак — шу каби масалаларга тайёр бўлиш лозим.

«Халқимизнинг хавфсизлигини ўйлашимиз керак», — деб таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг Ўзбекистон ҳукумати коронавирус эпидемияси расман бартараф этилмагунича Хитойга сафарларни ва ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга ташрифларни вақтинча тўхтатиш тўғрисида топшириқ берди.

Бир кун аввал Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ўзбекистонликларнинг Хитойга боришини чеклаш билан бир қаторда, хитойликлар ва бошқа хорижий давлатлар фуқароларининг ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга кириб келишини вақтинчалик чеклаш тарафдори эканлигини айтганди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here