Ғаниевдан кейин «Насаф»нинг асосий юлдузи айнан Ойбек Бозоров бўлиши кутилмоқда

276

Қаршининг «Насаф» клуби ҳар доимгидек бу мавсум олдидан ҳам қатор футболчилари билан хайрлашди. Жамоа сардори Умар Эшмуродов «Пахтакор»га кетди, асосий юлдуз Азиз Ғаниев БААга трансфер қилинди.

Бундан ташқари, клубни асосий тўпурар Ҳумоюн Муртазоев, таянч яримҳимояси етакчиси Сардор Абдураҳимов, чап қанот ҳимоячиси Хуршид Мухторов, сўнгги мавсумларда очилган Ислом Рашидхонов ҳамда Хитойдаги Осиё чемпионати ғолиби Дониёр Нарзуллаев ҳам тарк этишди.
Шундай бўлса-да, Рўзиқул Бердиев яна яхши жамоа туза олди. Гўё Бердиев учун ҳар йили янги жамоа тузиш шунчаки лего ўйинчоғидан уй қуриш каби оддий ишдек. Ва яна гўё унда доим захира леголари бордек. Мураббий етакчиларини йўқотиб ҳам тезда тикланишни қандай эплайди?
Аввало бу йил ҳам «Насаф» яхши жамоага айланиши ҳақида фикримизни изоҳласак. Эътибор берган бўлсангиз, Рўзиқул Бердиев ҳеч бир футболчини унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган бошқа футболчи бўлмай туриб қўйиб юбормайди.
Масалан, Умар Эшмуродов «Пахтакор»га кетишига рози бўлган Бердиев Таиланддаги Осиё чемионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Ҳусниддин Алиқулов кейинчалик Умар Эшмуродовнинг ўрнини эгаллашини билмаган деб ўйлайсизми?
Ҳусниддин Таиландга «Насаф» таркибида ҳар замонда майдонга тушадиган футболчи бўлиб бориб миллий жамоа даражасидаги ҳимоячи бўлиб қайтди: Абрамов уни миллий жамоага чақирди.
Чап қанот ҳимоячиси Хуршид Мухторов ҳам бежиз қўйиб юборилмаган, Таиланддаги мусобақада яна бир футболчи порлади. «Истиқлол» ва «Навбаҳор»да ижарада ўйнаган қанот вингери Илҳом Алижонов яна «Насаф»га қайтган ва катта эҳтимол билан янги мавсумда асосий таркибда ўйнайди.
Ўзи «Насаф»дан сўнгги йилларда қанча қанот ҳимоячиси чиққанини санамоқчи бўлсангиз, адашиб кетишингиз ҳеч гап эмас. Ҳозирги таркибда ҳам Алижоновга рақобатчи Шерзод Насруллаев бор.
Ўнг қанотни эса Дилшод Саидов аллақачон ўзиники қилиб олган. Друлович Таиланддаги чемпионатда негадир Дилшодга умуман имконият бермади, ваҳоланки у Ўзбекистон чемпионатида энг кўп голли вазиятларда қатнашган ҳимоячилардан эди. Дилшод айни дамда Ўзбекистондаги энг яхши қанот ҳимоячиларидан десак, бўрттириш бўлмайди.
Демак, «Насаф» ҳимояси яхши ҳолатда десак бўлади: марказда Ғолиб Ғайбуллаев ва Ҳусниддин Алиқулов, чапда Илҳом Алижонов, ўнгда Дилшод Саидов. Дарвоқе, ҳимоядан олдинги чизиқ — дарвоза ҳақида. Осиё чемпионати-U23 баҳсларидан сўнг Абдувоҳид Неъматов миллий жамоадан чақирув олди. Бу эса «аждарлар» дарвозасида ҳаммаси жойида деганидир.
Бердиевнинг яримҳимояси ҳам чакки эмас. Кўп эслаётганимиз Таиланддаги чемпионатда Ўзбекистон таркибида энг ёрқин ўйин кўрсатган футболчи Ойбек Бозоров бўлди. Ўзбек футболини кўриб юрганлар, айниқса «Насаф» мухлислари унинг яхши футболчи эканини биларди, аммо айнан шу мусобақадан сўнг Бозоровни ҳамма мухлислар яхши таниб олди. У ҳам миллий жамоанинг БААда ўтказиладиган йиғинига чақирилди.
Ғаниевдан кейин «Насаф»нинг асосий юлдузи айнан Ойбек Бозоров бўлиши кутилмоқда. Бердиевнинг навбатдаги кашфиёти янги мавсумда ўзига бўлган ишончи ортиб бошқача ўйин кўрсатишини тахмин қилиш мумкин. Яримҳимоя ҳудудини назорат қиладиган футболчи эса катта эҳтимол билан Шароф Муҳиддинов бўлади. Миллий жамоа сафида ҳам дебют қилишга улгурган Муҳиддинов қанот ҳимоясидан марказга ўтиб яхши плеймейкер эканини исботлай олди.
«Насаф» мухлислари яримҳимояда Ойбек Бозоров ва Шароф Муҳиддиновдан ташқари Ислом Кенжабоевдан ҳам кўп нарса кутишади. Фаолияти жуда яхши ривожланаётган вақтда жароҳат олган бу футболчи ҳозир яна яхши ҳолатда. Техникаси ва тезкорлиги билан ажралиб турадиган Кенжабоев Ҳумоюн Муртазоев кетгач, ҳужумда Бобур Абдухолиқовга ёрдам бериши керак бўлади.
Бердиевни ўйлантираётган масала айнан ҳужум бўлса керак, чунки жамоада ижарада ўйнаб асосий ҳужумчига айлана олган Ҳумоюн Муртазоев «Бунёдкор»га кетиб қолди. Дарвоқе, у билан бирга «Бунёдкор»га ўтиб кетган Сардор Абдураҳимов ўрнини мураббий бошқа футболчи трансфер қилиб тўлдирадими ёки мураббий бу позицияга бошқа футболчи тайёрлаб қўйганми, буни мавсум бошлангач билиб оламиз. Ҳар ҳолда таянч зонасида соф «опорник»нинг ўрни беқиёс, уни олдинга ўтиб кетадиган яримҳимоячи билан тўлдириш имконсиз.
Демак, ҳужум ҳақида гаплашаётгандик. Бир неча йил олдин «Насаф» сафида Шерзод Темиров деган футболчи дебют қилганини кўпчилик эсласа керак. Кейинчалик бу футболчи «Шўртан»га ижарага берилди. Бўйи баланд, бош билан яхши ўйин кўрсатадиган Шерзод Темиров катта эҳтимол билан янги мавсумда «Насаф»га қайтса керак.
Айтганча, қаршиликларнинг африкалик легионери Траоре ҳозирча «Насаф» сафида майдонга туша олмайди, чунки ПФЛ талабига кўра, легионер футболчи олдинги жамоасида маълум муддат ўйин амалиётига эга бўлиши керак. Шу боис, «Насаф» Траорени бир мавсум «Динамо»га ижарага бериши ҳақидаги тахмин ҳам йўқ эмас.
Демак, сўзимиз аввалида «Насаф» қандай қилиб ҳар йил янги жамоа туза олиши ҳақида савол бергандик, бунга жавоб беришга уриниб кўрамиз. Айтиш мумкинки, аввало «Насаф»да иш тўғри йўлга қўйилган. Клуб ўз академиясига жиддий эътибор беради. Академия автобуслари ёқилғига пул тополмай қолганда ҳам клуб унинг фаолиятини тўхтатиб қўймади ва бугун айнан академия «Насаф»нинг жонига оро кирмоқда.
Биринчидан, академиядан доим яхши футболчилар чиқиб тургани мураббийларда танлов имкониятини оширмоқда. Ёшлар ўртасидаги ҳар бир мусобақадан кейин «Насаф»нинг қатор футболчилари порлаб чиқиши ҳам айнан шу академия меваси. Иккинчидан, «Насаф» ҳар йили ўз академияси тарбияланувчилари трансферидан мўмайгина пул ишлаб олмоқда. Ўтган йил «Пахтакор» Одил Ҳамробеков учун 2,5 миллиард сўм берганди, бу йил Азиз Ғаниев БАА клубига 620 минг еврога трансфер қилинди.
Бундан ташқари, яна кўплаб футболчилар маҳаллий клубларга ижарага берилди ёки трансфер қилинди. Бир сўз билан айтганда, «Насаф» кўпчилик клублар каби ҳокимият берадиган «тўрт сўм пул»га кўз тикмай ўзини ўзи боқишга ҳаракат қилмоқда.
Жамоа доим янгидан шаклланишни муаммосиз уддалаётганининг асосий сабабчиси эса шубҳасиз, Рўзиқул Бердиев. Футболчилик фаолиятини «Насаф»да ўтказиб, шу клубда якунлаб, мураббийликни ҳам «Насаф»да бошлаган Бердиев клуб рамзига айланган. Авваллари Европа футболида баъзи жамоалар бутун жамоа назоратини мураббийларга топширар, бундай мураббийлар чинакам менежер сифатида фаолият олиб борарди. Масалан, «МЮ»да сэр Алекс Фергюсон, «Арсенал»да Арсен Венгер.
Бундай мураббийлар клубдаги ҳамма нарсани назорат қилади. Тўғри, расман ҳамма лавозимларда кимдир бўлади, аммо футболчининг қанча маош олишигача айнан менежер-мураббийлар назорат қилган. Ҳозир Европада бундай мураббийлар деярли қолмаган.
Ўзбекистонда ҳам бутун клуб тузилмасини назорат қиладиган мураббийлар борми дейсизми? Бор, албатта. Масалан, Юрий Саркисян шундай инсон эди. У ўз вақтида бутун «Нефтчи»ни назорат қиларди. Катта мураббийлардан Рустам Мирсодиқовни ҳам биз санаётган тоифадаги мураббийлар сирасига кирита оламиз. Бугунги мураббийлардан Ҳамид Актамов ҳам деярли шундай мураббий.
Аммо сўнгги йилларда Ўзбекистондаги ҳеч бир жамоада мураббийнинг роли Рўзиқул Бердиевники каби бўлмаган.
Клубда бу қадар катта авторитетга эга мураббийнинг ишлаши жамоа унинг атрофида шаклланишига олиб келади. Мураббий атрофида бирлашган жамоа эса инқирозга юз тутмайди. Бошқа мураббийлар клубининг ўринбосарлар жамоасида қандай футболчилар ўйнашини ҳам билмаслиги мумкин, аммо Бердиев «Насаф» академияси жамоасидаги учинчи дарвозабонни ҳам таниса керак. Чунки бизнинг клублардаги кўпчилик мураббийлар пул ишлаш учун ҳар йил жамоа алмаштиради, Бердиев эса «Насаф»га шунчаки жамоа сифатида қарамайди.
Бошқа клубларда футболчилар мураббий истеъфога чиқишини оддий қабул қилиши, бунга эътибор ҳам қилмаслиги мумкин, аммо «Насаф» футболчилари ўйинлари чиқмаётган вақтда мураббийларини юқори ложадаги одамлар чақириб қолганини сезса, у учун ҳам икки ҳисса яхшироқ ўйнаб дербиларни ютиб кетишади.
Ҳа, «Насаф»да мураббий учун ўйнаш деган нарса шаклланган, чунки жамоани шунга муносиб инсон бошқаради.
«Насаф» бу йил чемпионлик учун курашадими йўқми айтиш қийин. Бу қадар кучли «Пахтакор»га қаршилик кўрсатиш осон бўлмайди. Аммо бир нарса аниқ, «Насаф»да доимгидек ЖАМОА бўлади. Сиз учун қандай билмадим, лекин шахсан мен учун мавсум олдидан таркибини тахмин қилиш мумкин бўлган, яъни мавсум олдидан асосий таркиби аниқ бўлиб улгурган жамоа кучли. Бундай жамоалар сирасига бизда «Пахтакор» ва «Насаф»ни киритиш мумкин. Нима деб ўйлайсиз, Таиландда порлаган шогирдлари билан Бердиев чемпионлик учун кураша олармикин?..
Ўткир Жалолхонов

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here