Ғузорда ўгай онаси томонидан калтакланаётганини айтган ногирон йигит тиббий кўрикдан ўтказилди
«Nasafnews» яқинда Ғузор тумани Абдуҳамид қишлоғидаги хонадонлардан бирида эшаклар сўйилаётгани ҳақида катта репортаж эълон қилганди. Репортажни тасвирга олиш жараёнида мазкур хонадонда яшаётган ўғил ўгай онаси устидан шикоят қилганди.
22 ёшга кирган ногирон боланинг айтишича, бу аёл уни мунтазам калтаклаб келади. Игна ютишга мажбурлаган, бунинг оқибатида бола оғир жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказган. Энг ёмони хонадонида эшак сўйилаётган уйнинг эгаси, яъни боланинг отаси ўқитувчи бўлиб ишлайди. Боланинг мурожаати телеграм каналимизда эълон қилингандан кейин Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюнов бу мурожаатни шахсан назоратига олди.
Туман ҳокимининг «Nasafnews»га маълум қилишича, куни кеча бола тиббий кўрикдан ўтказилган.
"22 ёшли иккинчи гуруҳ ногирони Озод Норматов тинч яшашини кунлик назоратга олиш учун маҳалла раиси, етакчиси, профилактика инспектори масъул этиб бириктирилди. Тиббий кўрикдан ўтказиб, марказий поликлиникага олиб борилиб, неврология бўлимига ётиб даволаниши учун ордер олишга рўйхатга олинди. Уни тез орада жамоатчи сифатида ишга жойлаштириш масаласи ҳам кўрилади", - дейилади туман ҳокими тақдим этган маълумотда.