Ғузорда эшак сўйганлар ҳақида хабар қилган мурожаатчи калтакланди
Ғузор тумани Абдуҳамид қишлоғидаги хонадонда эшак сўйилаётгани ҳақида «Nasafnews»га хабар қилган мурожаатчи Ш. Астанақулова калтакланди.
Унинг сўзларига кўра, воқеа қўшнисининг эшак сўйгани ҳақида ОАВга хабар қилганидан сўнг содир бўлган. Эшак сўйгани айтилаётган хонадон бекаси Ш. Астанақуловани уриб, тан жароҳати етказгани айтилмоқда. Бошқа қўшнилар икки қўшнининг жанжалини тўхтатиб қолишган. Айни пайтда калтакланган мурожаатчи шифохонага мурожаат қилган ва бу ерда даволанмоқда.
"Жуда хавотирдаман. Уйда фарзандларим бор. Уларни ҳам уриб кетишларидан қўрқяпман", - дейди мурожаатчи.
Ғузор тумани ҳокимлиги калтакланган аёлнинг мурожаати назоратга олинганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, «Nasafnews» куни кеча Ғузор тумани Абдуҳамид қишлоғидаги хонадонлардан бирида эшаклар сўйилаётгани ҳақида катта репортаж эълон қилганди. Шундан сўнг, ҳолат юзасидан ҳудудга масъул бўлган ички ишлар бўлими ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва хотин-қизлар фаолига нисбатан хизмат текшируви тайинланди.