Яккабоғда мактаб ҳудудини сотиб юборган мансабдор шахслар устидан жиноят иши қўзғатилди
Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 75-сонли мактабнинг ҳудудида ноқонуний равишда кўп қаватли уй-жой қурилмоқда. Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти прокуратураси расмий муносабат билдирди.
"Яккабоғ туманидаги 75-умумтаълим мактаби балансидаги ер участкалари кўп қаватли турар-жой биноси қуриш учун ажратилиб, асоссиз равишда бегоналаштирилиб, талон-торож қилинганлик ҳолати юзасидан туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш доимий комиссияси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят кодексининг 205-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговнинг бориши назоратга олинган", - дейилади хабарда.