Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » 2004 йилда туғилган аёл эгизак фарзандларни дунёга келтириб, вафот этди
2004 йилда туғилган аёл эгизак фарзандларни дунёга келтириб, вафот этди
16 авг 2023
4 142
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ
Ижтимоий тармоқларида “Қашқадарё вилояти туғруқхонаси”да жарроҳлик амалиёти вақтида ҳомиладор аёл вафот этгани, шундан сўнг унинг яқинлари норози бўлиб, жанжал қилишгани ҳақида хабар эълон қилинганди. Қашқадарёда вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати ушбу хабар бўйича расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, юқоридаги ҳолат вилоят перинатал марказида жорий йилнинг 12 август куни рўй берган.
Марҳума Т.О. 2004 йилда туғилган. Қарши туманида яшаган. Ҳомиладорлик даврида яшаш ҳудудидаги оилавий шифокорлик пунктида “Ҳомиладорлик 1. Эгизак ҳомила.” ташхиси билан назоратга олинган. Зарур бўлган барча клиник ва лаборатор текширувлардан ўтказилган. Доимий равишда акушер-гинеколог ва оилавий шифокор назоратида кузатилиб, уйда патронаж ўтказиб борилган.
"Т.О. ҳомиладорлик давомида “Ҳомиланинг тушиш хавфи” бўйича вилоят перинатал марказида 2 марта стационар шароитда ётиб, (охирги марта июнь ойида) даволаниб чиққан. Шифокорлар хулосасига кўра унда ҳомиладорлик ва туғишга қарши кўрсатма бўлмаган", - дейилади расмий муносабатда.
Вилоят перинатал маркази ҳомиладорлар патологияси бўлимига 2023 йил 31 июль куни соат 22:35 да “Ҳомиладорлик 1. 35 ҳафта. Эгизак ҳомила. Эрта туғиш хавфи” ташхиси билан ётқизилган. 4 августда биринчи чақалоғини ўзи табиий туққан. Чақалоқ тирик, жинси ўғил, вазни 2000 грамм. Иккинчи чақалоқ ҳомила она қорнида кўндаланг жойлашиб, туғруқ йўллари ёпилиб қолганлиги сабабли кесар кесиш операцияси йўли билан олинган. Чақалоқ тирик, жинси ўғил, вазни 2800 грамм.
Қўшимча қилишларича, операциядан кейинги даврда стандартлар асосида даволаш тадбирлари ўтказилган. 11 август куни санавиация хизмати орқали хирург шифокор чақиртирилиб, врачлар консилиуми ўтказилган ва “Кесар кесиш операциясидан кейинги 7-сутка. Метроэндометрит. Перитонит. Камқонлик ўрта оғир даражаси” ташхиси қўйилган. Чақиртирилган хирург шифокор ёрдамида соат 12:00да қайта операция-релапаротомия қилинган. Қайта операцияда-тотал гистерэктомия, қорин бўшлиғи санацияси ва найлаш ўтказилган.
Вилоят перинатал марказида жадал даволаш тадбирлари ўтказилиб борилган, лекин 12 август куни соат 19:00да аёлнинг аҳволи тўсатдан оғирлашган, ўтказилган реанимацион даво тадбирларига қарамасдан 2023 йил 12 август куни 19:30 да биологик ўлим содир бўлган. Ўлимдан кейинги ташхис: “Релапаротомиядан кейинги ҳолат. Эндотоксикоз. Ўпка артерияси тромбоэмболияси. Камқонлик ўрта оғир даражаси. Ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигининг оғир даражаси”.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.