Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Ноқонуний текшириш учун туман солиқ инспекцияси раҳбарининг жавобгарлиги таъминланди
Ноқонуний текшириш учун туман солиқ инспекцияси раҳбарининг жавобгарлиги таъминланди
03 окт 2023
1 230
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ
Бизнес-омбудсман девони Қашқадарё вилояти шўъбаси етакчи инспектори Nasafnews.uz'га хабар қилишича, тадбиркорлик субъектида ноқонуний текшириш ташаббуси билан чиққан Ғузор тумани ДСИ бошлиғи маъмурий жавобгарликка тортилган.
Маълумки, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади.
Шу сабабли, судьялар одил судловни амалга оширишда юқоридаги принципларга асосланиши қонун устувор давлат қуришимизда муҳим аҳамият касб этади. “Эзгу ният” МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шаҳобчасида (тадбиркорлик субъектининг номи ўзгартирилган) Ғузор тумани ДСИ бошлиғи С.Б.нинг 21.02.2023 йилдаги буйруғига асосан ноқонуний текширув ўтказилган.
Шундан сўнг, тадбиркор солиқ органи ходимларига қонуний чора кўришни сўраб Бизнес-омбудсман девони Қашқадарё вилояти шўъбасига мурожаат қилган. Вилоят шўъбаси томонидан тадбиркорлик субъектида ноқонуний текшириш ташаббуси билан чиққан Ғузор тумани ДСИ бошлиғи С.Б. маъмурий жавобгарликка тортилган. Гарчи, иш ҳужжатларида Ғузор тумани ДСИ бошлиғи С.Б.нинг айбдор эканлигини тасдиқловчи рад этиб бўлмайдиган далиллар мавжуд бўлсада, ЖИБ Ғузор тумани судининг 2023 йил 03 августдаги қарори билан вилоят шўъбасининг С.Б.га нисбатан жарима қўллаш тўғрисидаги қарори асоссиз бекор қилинди.
Мазкур суд қарори юзасидан вилоят шўъбаси томонидан Қашқадарё вилояти судига апеллция шикояти киритилди. Қашқадарё вилояти судининг 22.09.2023 йилдаги қарори билан биринчи инстанция судининг қарори тўлиқ бекор қилиниб, Ғузор тумани ДСИ бошлиғи С.Б.нинг жавобгарликка тортилиши таъминланди.