Мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, соҳада хусусий секторга кенг ўрин берилаётгани таълим сифати ва самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Тадбиркор томонидан ташкил этилган хусусий мактаб, тижорат банкининг 1.8 млрд сўмлик кредити ҳамда тадбиркорнинг 2.2 млрд сўмлик маблағи эвазига барпо этилган "Қорабуруғ" хусусий мактабида ҳам барча қулайликлар яратилган.
Таълим муассасасига синов йўли билан малакали мутахассислар танлаб олинди. Ҳар бир синф хонаси ўқувчилар учун якка тартибдаги стол-стуллар, электрон доска ва бошқа ўқув-кўргазмали воситалар билан жиҳозланди.
– Муассасамизда энг илғор таълим услублари орқали аниқ фанлар ва инглиз тилини ўргатиш, таълим бериш жараёнида замонавий технологияларни, ривожланган мамлакатлар таълим дастурларини жорий этиш имконияти мавжуд, – дейди мактаб директори Гулноза Ботирова. – Бу йил 5- ва 10-синфларнинг ҳар бирига 22 нафардан ўқувчи қабул қилинди.
Ўқувчиларнинг овқатланиши, айниқса, бўш вақтида мактаб ичкарисида ҳордиқ чиқариши, спорт билан шуғулланиши, тадбирлар ўтказиши учун барча шароитлар бор. Мактаб шифокори ўқувчиларнинг саломатлигини доимий назорат қилиб боради. Ўқувчиларга тушликда иссиқ овқат берилади.
Муассасанинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Файзулла Юсупов сўзга чиқиб, янги мактаб имкониятлари, умуман, ёш авлодга таълим беришда нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш ва улар фаолиятини ривожлантириш борасидаги бугунги ишлар хусусида тўхталди.
Тадбир иштирокчилари мазкур мактабда яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар билан танишди.
Мазкур мактаб ҳозирда 220 нафар ўқувчи қабул қилиш имконига эга. Муассаса энг замонавий ўқув қуроллари ва жиҳозлари, мультимедиа воситалари билан таъминланган. Дарслар олий тоифали ўқитувчилар томонидан ўтилади. Шунингдек, муассасага чет эллик ўқитувчилар жалб этилган.
“Қорабуруғ” хусусий мактабига ўқувчилар танлов асосида қабул қилиниб, улар инглиз тили, математика ва мантиқий фикрлашда билимларини синовдан ўтказади.
Ушбу мактабда таълим олишни истасангиз кўрсатилган рақамларга қўнғироқ қилинг: