Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилишича, кеча Муротжон Азимов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда вилоятда “Сайхунобод, Уйчи ва Зарбдор тажрибалари”ни кенг жорий қилиш, бандликни таъминлаш, аҳолини бизнесга жалб этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун шароит яратиш, муаммоли кредитлар улушини қисқартириш, жорий йил чақирув мавсумида сафарбарлик чақируви резерви хизматининг ташкил этилиши ҳамда Ҳисоб палатаси томонидан давлат харидларининг қонунийлиги юзасидан вилоятда ўтказилган ўрганишлар натижалари танқидий-таҳлилий муҳокама қилинган.
"Вилоят ҳокими ҳар бир масалага атрофлича тўхталиб, ютуқ ва камчиликларга алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларни парваришлаш, вилоят маркази ҳисобланган Қарши шаҳрида ободонлаштириш ишларини олиб бориш, ҳар бир ташкилот ва муассасада ўз ҳудудини тоза ва файзли сақлаши кераклиги таъкидланди", - дейилади ҳокимлик хабарида.
Шунингдек, йиғилиш кун тартибидаги масалаларни бажарилишига эътиборсизлик билан қараганлиги учун 22 нафар масъуллар лавозимидан озод этилган. 29 нафарини вазифасидан озод этиш бўйича Республика раҳбариятига тақдимнома киритилган. 41 нафар масъулларга навбатдаги интизомий жазо чоралари қўлланилган бўлса, 27 нафарининг фаолияти қониқарсиз деб топилиб, кейинги чорак якунлари бўйича ижобий ўзгариш қилмаган тақдирда, уларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилган.
Бундан ташқари вилоятдаги Ахборот хизматлари ва ОАВ вакилларига ижтимоий роликлар, иш ўринлари эълонлари, имтиёзли кредит ҳамда субсидияларга оид материалларни кенг жамоатчиликка етиб бориши учун тарғиботини кучайтириш вазифаси топширилган.