Ўзбекистонда “қонундаги ўғри — Бахти Ташкентский” мақомини олган Бахтиёр Қудратуллаев ва 36 нафар айбланувчи бўйича бошланган суд мажлисини ёритиб бораётган “Дарё” журналисти ИИБга чақирилди. “Кўча” судига раислик қилаётган судья Толибжон Обидов журналист устидан шикоят қилгани айтилмоқда.
“Дарё” нашри маълум қилишича, жорий йилнинг 22 июнь куни таҳририятнинг журналисти Отабек Қўлдошевдан тушунтириш хати олинган. Журналист билан мулоқот қилган профилактика катта инспектори, подполковник Хайрулла Дўстов унга жорий йилнинг 3 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносидаги очиқ судда янграган маълумотни сайтда ёритгани учун гумонланувчи саналаётганини айтган. Шу сабаб ЖИБ Шайхонтоҳур туман суди раиси Толибжон Обидов томонидан тақдимнома киритилганини билдирган. Аммо гумонланувчи сифатида ИИБга чақирилган журналист шикоят нусхаси билан таништирилмаган.
“2024 йилнинг 21 июнь куни “Дарё” журналистини дабдурустдан ИИБ ходими излай бошлади. Ваҳоланки, чиққан хабар “Дарё” интернет нашрида эълон қилинган ва бу хабарнинг эгаси тўғридан тўғри сайт ҳисобланади – айнан бир нафар журналист эмас. 22 июнь куни эса журналист ИИБга чақирилиб, устидан ёзилган шикоят аризаси билан таништирилмаган ҳолда тушунтириш хати ёздириб олинди”, дейилади нашр хабарида.