Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Қарши туман ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонаси фаолияти тўхтатилди

Қарши туман ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонаси фаолияти тўхтатилди

15 янв 2025
660
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан 2024 йилда Қашқадарё вилоятида жойлашган вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш муассасалари ҳамда махсус қабулхоналарга мониторинг ташрифлари амалга оширилган бўлиб, унда бир қатор камчиликлар аниқланган. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Қарши шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармаси, Қарши ва Косон туманлари ички ишлар бўлимларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида шахсларни сақлаш шароитлари белгиланган меъёрий талабларга жавоб бермаслиги кузатилган. Камераларнинг таъмирталаб ҳолатга келиб қолганлиги, шу билан бирга табиий ва сунъий ёруғлик тизими, санитария-гигиена ҳолати, ҳаво алмаштириш тизими талаб даражасида эмаслиги каби қатор камчиликлар қайд этилган.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича Омбудсман томонидан Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритилди. Маълум қилинишича, тақдимнома асосида айрим камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий ишлар бошланган. Жумладан, вақтинча сақлаш ҳибсхоналаридаги камераларни кўзга зиён етказмайдиган ҳолда ўқиш ёки ёзиш учун етарли табиий ва сунъий ёруғлик билан таъминлаш, иситиш ҳамда бошқа тегишли чоралар кўрилмоқда.

Бундан ташқари, Қарши туман ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонаси фаолияти тўхтатилиб, сақланаётган шахслар капитал таъмирланган Касби туман ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонасига кўчирилди.

Омбудсман томонидан билдирилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этмаган ходимларга нисбатан хизмат текширувлари ўтказилиб, 1 нафар ходим лавозимидан озод этилди ва 9 нафар ходимнинг хатти-ҳаракатлари “Интизомий кенгашлар” томонидан кўриб чиқилган.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: