Қашқадарёда таълим ходими қиз бола сифатида ёзиб, эркак кишини интим видеосини ошкор қилиш билан қўрқитди
Қашқадарё вилоят суди бош консультанти Фарҳод Тилавов "Nasafnews"га Жиноят ишлари бўйича Касби тумани судида кўриб чиқилган иш бўйича маълумот берди.
Суд ҳукмида қайд этилишича, Касби туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутахассиси Telegram мессенжерида қиз бола сифатида ёзиб, Қарши шаҳридаги хусусий университетнинг ходими (эркак киши) билан мулоқот ўрнатган.
Даъвогарнинг белидан пастки қисми акс этган видеони қўлга киритиб у аслида қиз эмас, эркак эканлигини айтган. Ва видеотасвирни даъвогар ишлаётган хусусий олийгоҳ гуруҳига тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Бироқ даъвогарнинг мурожаати асосида Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси киберхавфсизлик ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Фуқаро 1 минг АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
К.У. судда айбига иқрорлик билдирган. “2025 йил 9 июн куни Ш.Қ.га Telegram орқали қиз бола сифатида ёздим ва у билан бирга бўлишни хоҳлашимни айтдим. Сўнгра яланғоч ҳолатдаги видеосини ташлашни сўрадим. У 4 секундлик видео жўнатди. Видеони тарқатишни айтиб, 2 минг доллар талаб қилдим. 1 000 долларга келишдик. Қилмишимдан афсусдаман”, деган мутахассис ўз кўрсатмасида. У қарамоғида 3 нафар фарзанди борлигини маълум қилиб, суддан енгиллик сўраган.
Суд ҳукми билан К.У. Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Ўхшаш янгиликлар:

Қашқадарёда аёллар кўпми ёки эркаклар?
Вилоятда аёллар сони 1 млн 690 минг 200 кишини ташкил этган