Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Чироқчи тумани ҳокимлиги суднинг қарорини муҳокама қилиб, тадбиркорнинг пуллари берилмаслигига ишора қилди

Чироқчи тумани ҳокимлиги суднинг қарорини муҳокама қилиб, тадбиркорнинг пуллари берилмаслигига ишора қилди

10 авг 2022
1 768
ТАҲЛИЛИЙ / ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Куни кеча ахборот сайтимиз орқали "Нодир Эркаев чироқчилик ёшлар етакчиларига планшет етказган тадбиркорнинг пулларини бермади" номли мақола эълон қилинганди. Мақолага Чироқчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.

Айтилишича, 2022 йилнинг 19 апрелидаги Халқ депутатлари Чироқчи тумани кенгашининг
VI-63-37-4-66-К/22-сонли қарорига кўра, "Чироқчи туманидаги маҳалла етакчиларига планшет харид қилиш ҳаражатлари учун маблағ ажратиш ҳақида" 2022 йилнинг 19 апрель куни Чироқчи тумани ҳокимининг 156-4-66Қ/22-сонли қарори тасдиқланган.

Мазкур қарорнинг 2-бандида туман Молия бўлими мудири Ш.Махматқулов зиммасига "Туман маҳаллий бюджетининг 2022 йил бошидаги эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан тумандаги маҳалла етакчиларига планшетлар сотиб олиш ҳаражатлари учун туман ҳокимлиги ҳисоб рақамига 235 млн.сўм маблағ ажратиш" юклатилган.

Чироқчи тумани ҳокимлиги ва якка тартибдаги тадбиркор Ҳ.Қиличева ("ЯТТ Қиличева Ҳамида Боймуродовна") ўртасида тузилган 2022 йил 7 февралда тузилган олди-сотти шартномасига кўра тадбиркор томонидан, ҳар бирининг қиймати 2 350 000 сўм миқдорида бўлган 100 дона 
G-Tab F8 8 inch 4G LTE Tablet-android 10.0 GO Tablet PC wint 16 GB STORAGE русумдаги планшетлар етказиб берилган.

Ҳокимлик ахборот хизматининг ёзишича, Чироқчи тумани собиқ ҳокими Хуррам Жўраев томонидан мазкур масалада Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига зид равишда 2022 йил 7 февралда 100 дона планшет сотиб олиш учун шартнома тузилган.  Бу билан ҳокимлик собиқ ҳоким қонун талабларига зид равишда ҳаракат қилгани ва планшетлар пули тўлаб берилмаслигига ишора қилмоқда.

Энг қизиғи, ҳокимлик суднинг қарорини жиддий равишда муҳокама қилиб, Яккабоғ туманлараро Иқтисодий судининг 2022 йил 13 июндаги 4-1086-2201/472-сон “Чироқчи тумани ҳокимлиги билан кредитор “Қиличева Хамида Боймурадовна” фойдасига 235 000 000 сўм асосий қарз, 21600 сўм почта харажатлари ундириш тўғрисида Суд буйруғи Чироқчи туман ҳокимлиги иштирокисиз чиқарилганини айтмоқда. Бу ерда судга бормаган ҳокимлик айбдор-да?

Муносабатнинг яна бир бандида Нодир Эркаев пулларни тўлаб бермаслигига яққол ишора қилинади.

Айтилишича, шартноманинг 2.2-бандида харидор маҳсулот қийматининг 15 фоизини олдиндан тўлаб бергандан сўнг маҳсулотни етказиб берилиши белгиланган бўлсада, харидор бирон сўм тўлов амалга оширмасдан сотувчи маҳсулотни тўлиқ етказиб берган. Бу ерда тадбиркор назарда тутиляпти. Ҳокимликка ишониб, маҳсулот етказиб бергани учун айбдор қилиняпти.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 апрелдаги “Бюджетлараро муносабатларни ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш тўғрисида” 208-сон қарори 2-хатбоши билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бюджет тизими бюджетларидан асосий воситаларни харид қилиш ҳамда бино ва иншоотларни таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар жорий йил якунига қадар тўхтатилган, деб ёзилади муносабатда.
Тўхтатилган бўлса, нега тадбиркор ишонтирилган? Нега планшетлар олинган? Ёшлар етакчиларига планшетлар берилмасин, бу тарғибот илгари сурилмасин эди. Ёшлар етакчилари лавозими жорий этилиши ва уларнинг моддий-техник базаси билан таъминланиши борасидаги ишлар Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус, сиёсат эмасми?

Муносабатнинг якуни қисми таҳлил қилишни истамадик. Бир тадбиркорни оввора қилаётган ҳокимлик қандай қилиб ОАВга очиқ бўлсин? Нодир Эркаев ОАВдан холисликни талаб қилишдан аввал суднинг қарори ижросини таъминлашни, пуллари куйиб қолган тадбиркор масаласида ижобий ечим топишни ўргансин. Тадбиркорга  икки ҳокимнинг қарорлари муҳокамаси эмас, аниқ бир натижа керак. Зотан, у фақатгина ҳокимлик ваъдаларига ишониб маҳсулот етказиб берган. Бу ерда эса уни айблаш анчагина мантиқсиз иш. 


Яна бир гап, Чироқчи тумани ҳокимлиги бу ҳолатга берган муносабати  ичида тадбиркор масаласи ижобий томонга ечим топиши ҳақида бирор маълумот ўқимадик. Демак, 235 млн сўм пуллар суднинг қарори, ундан каттасининг буйруқлари бўлса-да, берилмайди. Эркаев "отдан тушса ҳам эгардан тушмайди". Ҳокимликнинг собиқ ўринбосари айтганидек, у Хуррам Жўраев даврида бўлган қонуний иш учун бюджетдан пул ажратмайди.

Ҳокимлар келиб-кетувчи. Аммо туман ҳокимлигининг ўз қарорларини тинимсиз рад этиб, тадбиркорларни куйдириши аслида энг катта фожиа.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: