» » Хато тўла қарорлар: чаласаводликми ёки эътиборсизлик? Буни кимдир назорат қиладими?

Хато тўла қарорлар: чаласаводликми ёки эътиборсизлик? Буни кимдир назорат қиладими?

13 окт 2022
1 398
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ / ТАНЛОВ

Хабарингиз бор, Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими ишга тушган ва барча қарорлар ҳамда фармон, фармойишлар "E-qaror" электрон тизимига жойлаштириб борилмоқда.
Бу тизим маҳаллий бюджетдан ҳокимлар кимга қанча маблағ ажратгани, маблағларни қайси соҳага йўналтиргани, кимни жазолаганию, қандай қарорлар чиқаргани ҳақида барчани воқиф этади.

Ҳокимлар томонидан имзоланаётган муҳим ҳужжатларни кузатиш орқали улардаги хатолар ҳам кўзга яққол кўриниб қолмоқда. Айниқса, вақтлараро келажакка “саёҳат” қилишда Қашқадарё етакчи. 


"Ҳамма ҳам хато қилади", дерсиз, аммо қарорлар ва фармойишлардаги жиддий хатоларга кўз юмиб бўладими? Бу электрон ҳужжатларнинг ижросини таъминлашда англашилмовчилик келтириб чиқармайдими?

Мисолларга ўтамиз. Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовнинг электрон имзоси орқали эълон қилинаётган қарорларида исталганча имловий хатоларни учратиш мумкин. Майли, имловий хатоларни охирги даражага қўйиб ҳам турайлик, аммо ҳали келмаган сана билан чиқарилган қарорлар исталган одамни чалғитади.

Мисол учун, шу йилнинг 12 октябрь куни эълон қилинган "Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг коррупцияга қарши ички назорат бўлими фаолияти тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги Муротжон Азимовнинг қарорида қўпол хатога йўл қўйилди.

Қарорнинг бир бандида "2022 йил 25 ноябрдаги 643-4-0-Қ/21-сонли қарорига асосан тузилмага ўзгартириш киритилиб, Коррупцияга қарши ички назорат бўлими сифатида қайта ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин" деб ёзилади. Қизиқ, 2022 йил 25 ноябрь ҳали келмаган бўлса, ҳоким қандай қилиб бу кунга бориб, қарор қабул қилиб келяпти. Ёки ҳокимни келажакка саёҳат қилишдек "ноёб" қобилияти борми?
Яна бир мисол. Яқинда Қашқадарё вилоятини эълон қилинган қарорларда Қашқадарё Республикасига айлантириб қўйишди.

Бу мисоллар денгиздан бир томчи. Биз ҳали қарорлардаги имловий хатоларга тўхталмадик. "Жуда майдалашиб кетяпмиз, шу ҳам мавзу бўлдими?", деганлар орамизда топилади. Катта-катта хатолар ана шундай кичик, кўзга кўринмас хатолардан пайдо бўлади.

Қашқадарёда, Қашқадарё вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокимининг қарорларидаги қўпол хатоларни айтадиган, назорат қиладиган одамнинг ўзи бормикан деган хавотир уйғонади кишида...

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: