Зойир Мирзаев ишдан кетгандан кейин Қашқадарёда яна ҳокимликлар панжара билан ўралмоқда
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ҳокимлиги атрофи панжара билан ўраб ташланди. «Nasafnews» мухбири хабарига кўра, ҳокимлик атрофида аввал тўсиқлар олиб ташланганди. Айни пайтга келиб бинонинг икки қисми тўлиқ баланд панжара билан, ўрта қисми эса кичик панжара билан ёпиб қўйилган.
Вилоятнинг собиқ ҳокими Зойир Мирзаев айнан шу масалани жиддий танқид қилганди. 2021 йил август ойида Мирзаев "Нима учун ҳокимлик ёпиқ жой бўлиши керак? Мен ҳар доим вилоят маъмуриятига чақирилган ҳокимлардан олд эшикдан киришни талаб қиламан. Нима учун? Панжаралар йўқлигини кўришлари учун" , - дея гапирганди.
Шундан сўнг, Чироқчи тумани ҳокимлиги атрофидаги барча панжаралар олиб ташланганди.
Амммо вилоят раҳбарлари алмашгандан кейин ҳокимлик биноси яна эски ҳолатга қайтиб қолди.
Бизнингча, Чироқчининг амалдаги ҳокими Нодир Эркаев халқдан қўрқади ёки ҳокимлик ходимлари тўсиқлардан ҳимоя воситаси сифатида фойдаланишни афзал билишмоқда! Шундай бўлмаганда, нега Зойир Мирзаев бошқа вилоятга ҳоким бўлгандан сўнггина яна панжаралар ўрнатиб қўйилди? Чироқчилик мутасаддиларга кўзбоямачилик керакми?