Бош саҳифа » ТАНҚИДИЙ » Қарши тумани ҳокими ўринбосарлари фуқаролар мурожаатларига эътиборсиз қарамоқда

Қарши тумани ҳокими ўринбосарлари фуқаролар мурожаатларига эътиборсиз қарамоқда

17 май 2022
1 112
ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ
Фуқаролар мурожаатларини назоратга олмаган, ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйганликлари учун Қарши туман ҳокимининг барча ўринбосарларига огоҳлантириш берилди. 5 нафар ижро интизомига масъул ҳокимлик ходимлари бир ойлик рағбатлантириш пулидан маҳрум этилди, 2 нафар масъулга эса “ҳайфсан” эълон қилинди. Бир неча бор фуқаро мурожаатларига масъулиятсизлик билан ёндошган ходимни ишдан олишга кўрсатма берилди. Бу ҳақда Қарши тумани ҳокими Бехзоджон Юсупов ўтказган йиғилишда маълум қилинган. 

"Фуқароларимиз ўзини қийнаб келаётган муаммоларга ечим излаб, адолат истаб, мурожаат қилишаяпти. Туманда адолат, очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш чоралари кўрилаётган бир пайтда фуқаро мурожаатларига бефарқ ва масъулиятсизлик билан қараётган, "хўжакўрсин"га ишлаётган ходимлар билан биз бир сафда меҳнат қилмаймиз. Инсон қадри бош мезон бўлган мамлакатимизда ҳар бир масъул халқ дардига шерик бўлиб, ташвишларини енгиллаштириш муҳим вазифаларидан бири эканлигини англамас экан, тумандошларимизда ишонч бўлмайди. Афсусланарлиси, фуқаро мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларининг бузилиши шу даражага етганки, ҳаттоки ўтган йилда йўлланган мурожаатларга ҳанузгача жавоб қайтарилмаган ҳолатлар ҳам мавжуд. Бу зайлда давом этиб бўлмайди, туман масъуллари ишлаши керак",- деган туман ҳокими.
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: