Бош саҳифа » ТАНҚИДИЙ » Суд раиси хизмат автомобилида содир этилган қоидабузарлик жаримаси 3 йилдан кейин тўланди

Суд раиси хизмат автомобилида содир этилган қоидабузарлик жаримаси 3 йилдан кейин тўланди

16 май 2025
310
ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Маълум бўлишича, Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамовга хизмат кўрсатувчи Skoda Kodiaq Ambition русумли давлат рақами 70 027 SAA бўлган автомобилида содир этилган қоидабузарлик жаримаси 3 йилдан сўнг тўланган.

Судья Қамбарова раислигида 2025 йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган судда ҳуқуқбузар — катта эҳтимол билан хизмат автомобили ҳайдовчиси ўзига нисбатан чиқарилган суд қарори устидан ёзган шикояти ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган. 

Daryo.uz нашрининг хабарида ёзилишича, ҳайдовчи 2021 йил 27 ноябрь куни соат 14:43 ларда А-378 автомобиль йўлининг Чироқчи тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида бошқарувидаги Қашқадарё вилоят суди балансидаги Skoda Kodiaq Ambition русумли давлат рақами 70 027 SAA бўлган автомобилни 107 км/соат тезликда ҳаракатлантириб келиб, белгиланган 70 км/соат тезликдан ошириб юборган. Ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-3-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни қасддан содир қилган.

Бу қоидабузарлик 2022 йил 13 май куни Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида кўриб чиқилиб, суд раисининг хизмат автомобилига тайинланган базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдоридаги 1 млн 350 минг сўмлик жарима тўғрисидаги қарор бекор қилинган.

Орадан уч йил ўтиб, 2025 йилнинг март ойида ҳайдовчи ёки суд раиси Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ инспектори Ф.Назаров имзоси билан 2021 йил 4 декабрь куни имзоланган РА-21528699677-рақамли қарор жаримасини тўлаганини, Қарши шаҳар судининг 2022 йил 13 май кунидаги қарорига эътирози борлигини маълум қилган.

Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси мазкур ишни қайта кўриб чиқиб, биринчи инстанция суди ишни кўриб чиқишда қонун талабларига етарлича тўлиқ риоя қилмай, ҳуқуқбузарни жазодан озод қилиб, барвақт хулосага келган деган тўхтамга келган. 

Ҳуқуқбузарнинг қасддан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилганликдаги айби, унга жарима жазоси қўллаш ҳақидаги қарор, ушбу қарорга илова қилинган видео лавҳа каби иш юзасидан тўпланган далилларга асосан ўз исботини топган. Шунингдек, у кассация шикоятида қилмишига иқрорлик билдириб, жарима суммасини тўлаганини кўрсатган ҳамда 1 млн 350 минг сўм жарима суммаси Судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг Қашқадарё вилоят бўлими ҳисоб рақамига тўлангани ҳақидаги тўлов квитансиясида тасдиқланган. Бундай ҳолда суднинг қарорини асосли деб бўлмайди. Шу маънода, кассация инстанцияси суди суд қарорини бекор қилиб, ҳуқуқбузар томонидан жарима суммаси тўлиқ тўланганини қайд қилишни лозим топди, дейилади суд қарорида.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: